Қўл жанги федерацияси раис ўринбосари билан эксклюзив интервью
Ўзбекистон Республикасида сўнгги икки йил ичида ҳар бир соҳада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, спорт соҳасида ҳам. Буни биз бокс спорт тури мисолида кўришимиз мумкин. Юрт байроғини Олимпия ареналарида ҳилпиратиб, фахрли ўринларни олиб келган спортчиларимиз бунга яққол мисол.
Лекин бошқа спорт турларичи? Улар оммалашмоқдами? Уларга етарли эътибор қаратилмоқдами? Шу ва шу каби ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўл жанги федерацияси раис ўринбосари Бахтиёр Мирзақулов билан суҳбатлашдик.
Қўл жанги спорт тури – кураш, карате ва бокснинг қоришмаси десак муболаға бўлмайди. Қўл жанги спорт тури собиқ иттифоқ даврида ташкил этилган спорт тури ҳисобланади. Бу спорт туридан ўша даврдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўзларини ҳимоя қилиш учун фойдаланишган. Маълум муддат чекланган доирадаги шахслар фойдаланган спорт тури ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу спорт тури аҳоли ўртасида оммалаша борди. 1994 йилда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўл жанги федерацияси ташкил этилди. Шундан бери бу спорт тури ривожланишда давом этди.
«Сўнгги йилларда қўл жанги спорт тури анча оммалашди. Бокс билан бемалол соғлом рақобат қиляпмиз. 2017 йил Осиё чемпионатида фахрли 1-ўрин, Венгрияда ўтказилган очиқ чемпионатда 1-ўрин, бир неча бор Жаҳон чемпионатларида фахрли 1-ўринларни (индивидуал ва жамоавий йўналишда) қўлга киритиб келмоқдамиз.
Мухлисларимиз сони ҳам ошиб бормоқда. Шаффофликни таъминлаш учун ўтказилаётган мусобақаларга камера назорати ва мухлислар холис кузатиб бориши учун таблолар ўрнатмоқдамиз. Ҳатто мусобақа жойига сиғмаган ташқаридаги мухлисларга катта экранлар ўрнатиб беряпмиз. Навоий ва Андижонда бўлган мусобақалар сўзимнинг исботи.
Мен шогирдларимга чет элдаги мусобақалар олдидан шундай дейман: “Сиз ватанингизнинг юзисиз. Рингга чиққанингда иккита рақибинг бўлади. Бири ҳақиқий рақибинг, иккинчиси судья. Иккаласига ҳам имкон қолдирма. Рақибни ер тишлат”.
Шогирдларим ватан мадҳиясини ҳам ҳақиқий ватанпарварлардек жонли айтишади. Ҳатто бир-икки рақиб жамоалар ҳазиломуз тарзда: “Тинмай ютаверсангиз бу кетишда биз ҳам ёдлаб оламиз шекилли”, дейишди. Нима бўлганда ҳам ортимизда Ўзбекистон туради», - деб айтди федерация раис ўринбосари Бахтиёр Мирзақулов.
Федерация раис ўринбосари, шунингдек, қўл жанги спорти билан неча ёшдан шуғулланиш мумкинлиги, бюджет масаласи қандай ҳал этилаётгани, бокс каби қўл жанги спорт юлдузлари ким эканлиги, нега кўп тезкор орган ходимлари бу спорт билан шуғулланиши, қўл жанги билан шуғуллангани келган ёшлар маъмурият томонидан қандай назорат қилиниши ва бошқа қизиқарли саволларга жавоб берди. Келажакда амалга оширилиши кўзланаётган режалари ҳақида айтиб берди.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўл жанги федерацияси раис ўринбосари Бахтиёр Мирзақулов билан бўлган интервьюни тўлиқ равишда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:51 / 11.09.2020
Миллий гвардия қўмондони Қўл жанги федерацияси раҳбарлигига сайланди
20:25 / 15.03.2019
Ўзбекистонда армия қўл жанги бўйича мусобақа ўтказилди
08:02 / 15.02.2019
Бахтиёр Мирзақулов Бутунжаҳон қўл жанги федерацияси раҳбариятига киритилди
13:10 / 31.03.2018