Сувнинг ҳар қатраси зарга тенг, деган иборанинг аҳамияти, таъсирини бугун ҳар қачонгидан-да кўпроқ ва теранроқ сезяпмиз. Сабаби ушбу неъмат йил сайин танқис бўлиб бормоқда. Йил қурғоқчил келган вақтда бу ҳосилдорликка ўз таъсирини кўрсатяпти, дейилади Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ислом Хушвақтовнинг Қонунчилик палатаси сайтида эълон қилинган мақоласида.

Бунда, албатта, инсон омили ҳам бор. Боиси сув объектларида ўзбошимчалик билан олиб борилаётган “тадбиркорлик” ишларининг оқибатлари қимматга тушяпти. Айниқса, қум-шағал материалларидан табиатга завол етказмаган ҳолда фойдаланиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги қатор муаммоларга ечим топиш, жумладан, соҳани тартибга солиш ва уни тизимлаштиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

Ушбу қарор ижроси парламент қуйи палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан парламент назорати тартибида Қашқадарё вилояти мисолида ўрганилди.

Очиғини айтиш керак, қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб олиниши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Ўрганишлар давомида Қашқадарё вилоятидаги дарё ўзанларида қум-шағал материалларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди. Жумладан, айрим тадбиркорларнинг бу борада лицензиясиз фаолият юритаётгани ва мавжудлари ҳам техник шартларга зид равишда қум-шағал материалларидан тартибсиз равишда фойдаланаётгани аён бўлди. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари кескин ўзгариб, сув ва ер ресурсларига, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсига, улар яшаш ва ўсиш муҳитига, қум-шағал захираларига катта зиён етказилмоқда.

Масалан, Китоб тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсининг ҳозирги кунда “Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи” лицензия асосида қум-шағал аралашмасини қазиб олиш билан шуғулланадиган “Қашқадарё” ХФ ҳамда “Китоб темир-бетон буюмлари” МЧЖ томонидан қум-шағал аралашмаси тартибсиз равишда қазиб олиниши туфайли дарё ўзани бузилиши ва сув оқимининг хавфли ўзгаришига, қирғоқларнинг емирилишига сабаб бўлаётгани аниқланди.