KUN.UZ таҳририятига Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани, Қирққизобод овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ватандошларимиздан мурожаат келиб тушди.

Унда аҳолининг 4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабини бошқа бинога кўчириб юборилишидан норози экани ёзилган эди.

Вазиятни ўрганиш учун Қирққизободга бориб, мурожаат қилган ота-оналар билан 4-сон мактаб биносида учрашдик, уларнинг фикрини ўргандик. Йиғилишда 30 нафардан ортиқ ўқувчининг ота-онаси иштирок этди.

Қирққизободда жойлашган 4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўзбек тили чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилади. Айни пайтда 14та синф мавжуд бўлиб, жами 355 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда 12та синф хонаси мавжуд.

Мактаб эски болалар боғчаси (мактабгача таълим муассасаси) биносида 22 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда маҳаллий ҳокимият томонидан 4-сон мактабни шу ҳудудда жойлашган 16-сон умумтаълим ўрта мактаби биносининг бир қисмига кўчирилиши ҳақида эълон қилинган. Мактаб ходимлари ва ота-оналарнинг бир гуруҳи эса бундан норози бўлишмоқда.

4-сон давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби таълим-тарбия жараёнининг намунали ташкил қилингани билан туманда обрў қозонган. Бу мактабни тугатган ўқувчиларнинг барчаси академик лицейларга имтиҳонларни муваффақиятли топширган ҳолда қабул қилинмоқда, кўпчилиги эса олий таълим даргоҳларига ўқишга кирган.

Нима учун ота-оналар мактабнинг кўчирилишига қарши?

Ота-оналар қўмитаси раиси Баҳодир Содиқов фикрига кўра, 4-мактабда яратилган шароитлар 16-мактаб биносида мавжуд эмас, шу туфайли улар мактабнинг кўчирилишига қарши.

«Мактабимизда яратилган шароитларни бошқа ерда кўрмайсиз. Бу ердаги ходимларнинг билими, савияси ҳам юқори. Ўқувчиларга қўйилаётган талаблар ҳам юқори даражада, шунга яраша, болаларимизнинг билими бошқа мактаб ўқувчилариникидан яхшироқ. Бошқа мактабларда ўқувчиларга қўйилаётган талаблар юқори эмаслигини кўрамиз. Мана 16-мактабга кўчирилиши ҳақида гап-сўзлар бор. Аммо у ерда шароит яхши эмас, қишда газ йўқ, болалар совуқда ўтирганини кўрганмиз. 4-сон мактабимизда эса 2та газ ва 2та кўмир котёли бор. Қишда болалар иссиқ хоналарда таълим олади».