Айни пайтда абитуриентларнинг бор эътибори олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига қаратилган. Бу йил тест синовларига қатор ўзгаришлар киритилган бўлиб, уларни билиш ота-оналар ва абитуриентлар учун қизиқ. Қуйида «Маърифат» газетасида эълон қилинган абитуриентларга эслатмалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан ("А", "В", "С", "D") муқобил жавоблар берилади.
Абитуриентлар танлаган таълим йўналишига қараб тегишли равишда бир, икки ёки учта фан мажмуаси бўйича тест синовини топширади.
Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.
Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт берилади.
Абитуриент ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгилаши шарт. Тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).
Агар жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса, икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса, ушбу тест топшириғига балл берилмайди.
Абитуриентнинг тест синовларини топшириш вақтида гуруҳдан чиқиши тақиқланади, чиққан абитуриентлар қайтадан тест синовларига қўйилмайди. Тест материалларисиз, гуруҳ назоратчиси кузатуви остида гуруҳдан чиқиш ҳоллари бундан мустасно.
Абитуриентларга «Абитуриент рухсатномаси», «Тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг чизма нусхаси», «Абитуриентларга эслатма» ОТМ қабул комиссияси томонидан тарқатилади.
Тест натижалари имтиҳоннинг эртаси куниёқ Давлат тест марказининг расмий сайти(dtm.uz)да эълон қилинади ва олий таълим муассасаларига етказилади.
Абитуриентларга имтиҳон жараёнида қулайлик яратиш мақсадида тест синовлари катта сиғимдаги бинолар (жумладан, Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари)да ўтказилади. Бунинг учун энг кичиги 240 ва энг каттаси 1710 ўринли бўлган республикадаги 60та бино танлаб олинди.

















