Жаҳон | 00:02 / 02.08.2018
9573
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркиянинг икки вазирига нисбатан санкциялар жорий этди

Фото: AFP/ Mladen Antonov

АҚШ молия вазирлиги америкалик пастор Эндрю Брансон иши туфайли Туркия адлия ва ички ишлар вазирларига нисбатан санкциялар жорий этди, деб хабар берди Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс.

Унинг сўзларига кўра, бу шахслар пасторнинг ҳибсга олинишида етакчи ролни ўйнашган.

Сандерс вазирларнинг АҚШ юрисдикцияси остидаги барча ҳисобрақам ва активлари музлатиб қўйилганини билдирди.

Аввалроқ ОАВ АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилдан ХАМАС билан алоқадорликда айбланган туркиялик актриса Эбру Озканни озод этишни талаб қилгани ҳақида хабар берганди. Трамп бунинг эвазига Туркия америкалик пасторни озод қилишини кутган. Натижада Исроил 15 июлда Озканни депортация қилган, аммо Брансон Туркияда қолганди.

Якшанба куни Туркия президенти Эрдўған Қўшма Штатлар Туркиядек яқин иттифоқчисини йўқотиши мумкинлигини айтди.

"Биз санкциялар туфайли ортга чекинмаймиз. Биз Брансон масаласида савдолашмаганмиз", — деган Туркия раҳбари Haberturk нашрининг ёзишича.

Эрдўған Анқара Вашингтондан Эбру Озканни Исроилдан қайтаришда ёрдам сўраганини, аммо Туркия Брансонни АҚШга қайтаришга ваъда бермаганини билдирди.

Америкалик пастор FETÖ ташкилоти билан алоқадорликда ҳамда мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашда айбланиб 2016 йил октябрдан буён Туркияда ушлаб турилибди. Брансон айбловларни рад этмоқда.

Ўтган ҳафтада Измир суди пасторни уй қамоғида сақлаш ҳукмини чиқарди. Суднинг 25 июлдаги қарорига кўра Брансонга Туркияни тарк этиш тақиқланди. Брансон иши бўйича навбатдаги тингловлар 12 октябрга белгиланган.

Мавзуга оид