Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокир Алматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Урганч шаҳридаги 4-сонли ички ишлар бўлими фаолияти билан танишдилар. Эслатиб ўтамиз, ушбу ички ишлар бўлими республикамизда илк маротаба ҳуқуқий экспримент тариқасида секторлар кесимида ташкил этилган ички ишлар бўлимларидан биридир.

Шундан кейин Хоразм вилояти мусиқали драма театрида йиғилиш ва ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Эрманов, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ва бир гуруҳ ички ишлар ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда сўзга чиққан вазир маслаҳатчиси, генерал-полковник З.Алматов бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига тўхталар экан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашда ҳуқуқ-тартибот органлари, жамоатчилик ташкилотлари ва кенг жамоатчилик ҳамкор, ҳамфикр бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтиб, ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдирди. Жиноятчиликка қарши курашда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва маҳалла посбонларига қимматбаҳо совғалар топширилди.



Шундан кейин, ишчи гуруҳ Урганч шаҳрининг “Камолот” маҳалласида 4 нафар профилактика инспектори учун барпо этилган хизмат уйларига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишди. Қисқа муддатда, қуриб фойдаланишга топширилган ушбу хизмат уйлари бугунги кунда профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.


















