Неча йилдирки, Ўзбекистонда битта масалани кўндаланг ўртага ташлаб, унга ягона ечим берилмайди: олийгоҳларга кириш имтиҳонини коррупциясиз амалга ошириш мумкинми? Бизнинг жавоб тайёр: коррупциясиз имтиҳон керакми, у ҳолда олийгоҳларга кириш имтиҳонини бекор қилинг. 

Бу қандай бўлади?

Велосипедни қайта ихтиро қилишнинг ҳам кераги йўқ, ривожланган давлатларда қандай бўлса, шулардан ўрганамиз. Масалан, АҚШ ёки Буюк Британияда университетда таҳсил олишни истаган абитуриент шунчаки олийгоҳ талаб қилган ҳужжатларни бир жилдга солиб, талабага айланади. 

Ҳужжатлар жилдида нималар бор?

Ғарб, хусусан шарқдаги номдор олийгоҳлар ҳам анойилардан эмас: улар абитуриентнинг мактабда эришган ютуқларини сўрайди. Тўғри, «беш»и ўзидан ҳам арзон бизнинг халқ таълимини АҚШ ё Финляндиядаги тизимлар билан солиштириб бўлмайди. Шунинг учун, мактабни битириш арафасида якуний давлат имтиҳони бўлиб ўтади. Ана шундай имтиҳонда қўлга киритган баҳосига қараб, битирувчи Ҳарвардга кирадими, йўқми, тахминан аввалдан маълумотга эга бўлади. Ҳарқалай билими бор бола тақдим этилган имкониятлардан ҳалол фойдаланади. 

Бизнинг мактаб битирувчилар деярли «қизил»га битиради-ку?..

Ҳа, бу тизимнинг катта хатоси, деса, муболаға бўлмайди. Гап шундаки, Ўзбекистонда энг катта ёлғон гувоҳликни берувчи, битирувчининг мактабдан олган шаҳодатномаси аслида собиқ ўқувчининг ҳақиқий билими ҳақида тўғри маълумот беролмайди. Ишонмасангиз, унга дарҳол олийгоҳ қабул имтиҳонида тушиб турган саволларни тутқазинг. Шунинг учун, умумий ўрта таълим битирувчиларининг билимини синовдан ўтказишни давлат шерикчилигидаги хусусий ёки тўла мустақил ва хусусий ташкилотларга топшириш лозим. Улар ишлаб чиқарилган ягона стандарт бўйича тест синовларини ташкил этади, жавобларни текшириб, натижани эълон қилади. 

Ўқувчи бир марта бўладиган битирув имтиҳондан паст балл тўплаб, орзудаги «Дипломатия»дан айрилиб қолса-чи?

Бундай тизимга ижобий кўз билан қаралса, биринчи марта пастроқ балл тўплаган ўқувчи иккинчи марта тест топшириш учун тайёргарлик кўриши мумкин. Буёғи IELTS, TOEFL, GRE, GMAT ва шу каби бир қанча стандартлаштирилган тест синовларини эслатиб юборади. Тайёрман, деб ўйлаган шахс бемалол билимини қайта текшириб кўрсин. Пулини тўлаб, исталган вақтда марди майдонга кўтарилсин. Бунинг учун ДХХ, прокуратура, ички ишлар, божхона ҳамда минглаб ўқитувчиларнинг вақтини олиб, абитуриентларни бир жойга жам қилишнинг кераги йўқ. Айниқса, бинога кирган абитуриентнинг хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб бориш ҳам талаб этилмайди.