Жамият | 07:58 / 10.08.2018
59625
3 дақиқада ўқилади

Видео: Абитуриентларга ёрдам берган «бункер» фош этилди

Олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга астойдил киришилганига қарамай, “ўқишга киритиб қўяман, тестни ҳал қилиб бераман”, деган ваъдаларни бериб, шу орқали мўмай пул ишлаб олиш илинжидаги учарлар ҳали-ҳануз учраб турибди. 

Самарқанд вилоятида ҳам айнан шундай мақсадда “Бункер” ташкил қилган фирибгарлар гуруҳи қўлга олинди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги ахборот-таҳлил мультимедиа маркази.

Маълум бўлишича, гуруҳ аъзоларидан бири Маъруф Нурмуродов навбатдаги абитуриентни Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг долларни олаётган вақтида Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди. 

Шундан сўнг, тезкор ўтказилган тадбир давомида фирибгарларнинг ини Самарқанд шаҳар 4-кичик туман 83-уй 65-хонадонда эканлиги аниқланди.

Қайд этилишича, Самарқанд чет тиллари институти талабаси Аброр Акрамжонов махсус гуруҳ тузади. Гуруҳнинг ҳар бир аъзосининг аниқ вазифалари белгилаб берилади - Учқун Авезов тест саволларини ечиб берадиган йигит-қизларни топиш билан шуғулланса, бошқа аъзолар - Маъруф Нурмуродов ва Миржамол Эргашевлар пули кўп абитуриентларни излаш билан машғул бўлади.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ ўз фаолиятида турли усуллардан фойдаланиб келган - имтиҳонга абитуриентга ўхшаш, билими бор, деб ҳисобланган шахс топилган ва у кириб тест саволларини ечиб берган. Агарда бунинг иложи бўлмаса, унда хуфиёна алоқа воситасидан фойдаланилган. 

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Маъруф Нурмуродов ижарага олиб яшаётган хонадондан 97та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, 13та абитуриентнинг қайд этиш варақаси, ҳужжатларни топширганлик ҳақида тилхатлар, 23 дона фуқаролик паспорти ва абитуриентлар рухсатномаларининг асл нусхалари топилган. Аброр Акрамжонов яшаётган уй кўздан кечирилганда эса, 14та паспорт нусхаси ва фотосуратлар, Давлат тест маркази рухсатномалари ва бошқа ҳужжатлар ашёвий далил сифатида олинган.

2 йиллик фаолияти давомида гуруҳ қанчадан-қанча қинғирликлар қилгани ва унинг тўрига кимлар илингани-ю, чув тушгани ҳақидаги маълумотлар энди тергов ҳаракатлари давомида аниқланади. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Акрамжонов, Нурмуродов, Эргашев, Авезов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш орқали анча миқдорда фирибгарлик қилиш»), 28-, 211-моддаси 1-қисми («жиноятда иштирок этиш»), («пора бериш») билан жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид