Жаҳон | 18:33 / 11.08.2018
32037
2 дақиқада ўқилади

«Афсус». Сиэтл аэропортидан самолётни олиб қочиб кетган шахс ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди

Фото: REUTERS / John Waldron

Horizon Q400 самолётини олиб қочиб кетган Horizon Air авиакомпанияси ишчиси ўзини "синган йигит", деб атаган ва парвоз пайтида "хотиржам ҳис қилишни" истаган. Бу унинг диспетчерлар билан музокараларида қайд этилган, деб ёзмоқда Seattle Times газетаси.

Аввалига ушбу шахс ўзини хотиржам тутган ва ҳаттоки муваффақиятли қўнадиган бўлса, унга учувчи сифатида иш таклиф қилишлари ҳақида ҳазиллашган. Бироқ, кейинчалик ҳаво кемасини қандай қўндиришни билмаслигини тан олган.

"Мен қўнишни режалаштирмагандим", - деган у диспетчерларга.

Сўнг эркак ёқилғи тугаётгани ва “двигатель портлаб кетиши мумкин экани”дан ташвишга туша бошлади.

"Мен муҳим бўлган кўплаб одамлар бор. Улар менинг қилган ишимни эшитиб хафа бўлишади. Уларнинг ҳар биридан кечирим сўрамоқчиман. Мен шунчаки синган йигитман", - дея таъкидлаб ўтди у.

Парвоз давомида диспетчерлар ва ҳаво кемаси қўмондони унга самолётни қўндиришда ёрдам беришмоқчи бўлишди ҳамда хавфли манёврларни бажармасликка чақиришди.

"Афсус. Умид қиламанки, бу сизнинг кунингизга таъсир кўрсатмайди", - деган охирида самолётни олиб қочган шахс.

Гувоҳлар Horizon Q400’нинг хавфли манёврларини қулашидан бироз аввал видеога ҳам олишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сиэтл аэропортидан самолётни олиб қочиб кетишгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид