Жаҳон | 00:40 / 12.08.2018
18688
2 дақиқада ўқилади

Йилдирим: АҚШнинг Эрон, Россия ва Туркияга нисбатан душманларча муносабати ўзини оқламайди

Фото: UPG

АҚШнинг Вашингтон санкциялар жорий этаётган мамлакатларга нисбатан душманларча муносабати ўзини оқламайди. Бу ҳақда Туркия парламенти раиси Бинали Йилдирим айтиб ўтди.

"Евросиёда жойлашган Эрон, Россия, эндиликда Туркияга нисбатан кундан-кунга ривожланиб бораётган бундай душманларча муносабат давлатларимизнинг яқин ҳамкорлиги ва бирдамлиги олдида ўзини оқламайди. АҚШнинг ягона иттифоқчиси доллар ҳисобланади", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Anadolu.

Аввалроқ Туркия президентининг расмий вакили Иброҳим Қалин Daily Sabah газетасида "АҚШ Туркиядан иттифоқчи сифатида бутунлай айрилиш хавфи остида турганлигини ёзганди. Жума куни The New York Times газетасида эса Эрдўғаннинг мақоласи эълон қилинди. У АҚШнинг Туркияга нисбатан бир томонлама ҳаракатлари Америка манфаатларига путур етказаётганини ва Анқарани янги иттифоқчилар излашга мажбур қилаётганини ёзди.

Трамп Туркиядан келтириладиган пўлат ва алюминийга нисбатан бож тўлови икки марта -  20% ва 50%га оширилишини маълум қилганидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.

Муносабатлар совуқлашишининг яна бир сабаби эса америкалик пастор Эндрю Брансон бўлиб, у 2016 йилнинг октябридан буён Туркияда ҳибсда сақланмоқда. 

Мавзуга оид