Толиблар идораси Тошкентдаги музокараларнинг кун тартибини ошкор қилди
Ўтган ҳафта Тошкентга ташриф буюрган Доҳадаги (Қатар) «Толибон» сиёсий ҳаракати идораси раҳбари Шир Муҳаммад Аббос Станикзай расмийлар билан Афғонистонда амалга оширилган инфратузилма лойиҳаларининг хавфсизлигини муҳокама қилди. Бу ҳақда толибларнинг Қатардаги идораси вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин маълумот берди, деб ёзмоқда Reuters.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, хорижий қўшинларни мамлакатдан олиб чиқиш, шунингдек, хавфсизликни, жумладан, электр узатиш линиялари ва темир йўллари барпо этилаётган туманларда таъминлаш бўйича масалаларни муҳокама қилди. Учрашувда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев иштирок этди.
Толиблар делегацияси 7-10 август кунлари Ўзбекистонда бўлди. Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига кўра, «учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди».
Ўзбекистон 2010 йилда Афғонистоннинг «Ҳайратон-Мозори-Шариф» участкасида 75 километр узунликдаги темирйўлни ишга туширди. Ушбу лойиҳанинг давоми сифатида «Мозори-Шариф-Қобул-Қандаҳор-Ҳирот» йўналиши бўйлаб 2000 км. узунликдаги темирйўлни қуриш режалаштирилмоқда.
Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва Покистонга чиқиши мумкин бўлган, Европадан Трансафғон транспорт йўлагининг темир йўл аналогини яратиш имконини берувчи лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 3 миллиард долларни ташкил этади.
Бу йил Ўзбекистон 260 км. узунликдаги «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуришни бошлади, бу Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини 70%га оширади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 150 млн доллар, улардан - 32 млн доллар Ўзбекистон томонидан йўналтирилади.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024