Спорт | 10:14 / 17.08.2018
5080
2 дақиқада ўқилади

Олимпия захиралари мактабларига қабул қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Мактаб-интернатга ўқувчилар танлов асосида 6-синфдан қабул қилинади.

Ўқувчилар 20 июнь – 20 июль мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

• ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан мактаб-интернат директори номига ариза;
• туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси;
• тиббий маълумотнома;
• турар жойидан маълумотнома;
• 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади ва умумий жисмоний тайёргарлик учун – 30 балл ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик учун – 70 балл ажратилади.

Касбий имтиҳонлар 21 июль – 28 июль мобайнида ўтказилади ва натижалар 1 августда эълон қилинади.

Натижалардан норози бўлган шахслар уч кун муддатда мактаб-интернатнинг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ўқиши мактаб-интернатдан бошқа таълим муассасасига кўчирилади:

• ўз хоҳишига кўра;
• аттестация комиссиясининг қарорига кўра;
• тиббий номувофиқлик бўлганда – врач хулосасига кўра;
• ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда.

Мавзуга оид