Исроил – бугунги куннинг шубҳасиз инновацион давлатларидан бири. Мустақил бўлганига 70 йил бўлган, майдони тахминан Фарғона водийси билан тенг бўлган бу давлатнинг ривож топишида таълимнинг ўрни катта. Исроилнинг ўқитиш услубида айрим жиҳатлар борки, уни чуқурроқ ўрганиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.

Таълимга муносабат

Исроилдаги таълим тизими бошқа Европа давлатлари билан солиштирганда катта фарқ қилмайди – кўп давлатлардаги каби бошланғич, ўрта ва олий таълим. Лекин халқ ва давлатнинг таълимга бўлган муносабатини одатий деб аташ бироз нотўғри. Буни «квартет муносабат» деб ҳам номлаш мумкин: давлат томонидан қўллаб-қувватланади, ўқитувчи кучли иштиёқ билан билим беради, ота-она бола мунтазам банд бўлишида бош-қош. Натижада ўқувчи мақсад сари интилиб таълим олади.

Асосий эътиборни олий таълим тизимига қаратамиз. Исроил университетларининг дипломи нуфузли ҳисобланиб, Европа ва Америкада қадрланади. Мамлакатда ҳам бакалавр дипломига эга битирувчилар иш топишда деярли муаммога дуч келмайдилар – олий маълумотлиларнинг 95 фоизи иш билан таъминланади. Технология ва муҳандислик соҳасидаги мутахассисларнинг айниқса бозори чаққон: улар иш излаб юришлари шарт эмас, иш берувчиларнинг ўзлари кадрлар учун кураш олиб боришади.

Ўзига хос жиҳатлари

Исроилда, Европадан фарқли ўлароқ, 18 ёшга қадар олийгоҳга ўқишга киришнинг иложи йўқ. Деярли барча талабалар университетга қадар ҳарбий хизматни ўтайди. Одатда хизмат қизлар учун 2 йил, ўғил болалар учун 3 йилни ташкил этади. Бу таълимда жуда муҳим омил саналади.

Кириш имтиҳонларида хорижий тил бўйича тестларда юқори балл тўплаган талабалар ўқиш мобайнида ўша фан маърузаларидан озод этилиши мумкин.

Иброний тилини билиш олийгоҳда таълим олаётган барча маҳаллий талабалар учун мажбурий ҳисобланади.

Исроилда талабалар МДҲ давлатларидаги каби семестрлар якунида фанларни ёпиш учун ўқишмайди – улар ўзлари танлаган соҳалари бўйича ўқиш пайтиданоқ илмий изланишлар олиб боришади, аксарияти ўз стартап лойиҳасини йўлга қўйиш учун давлат томонидан моддий рағбат олишади. Шу тариқа, назарий ва амалий билимлар бир нуқтада уйғунлашади.

Университетда номутахассислик фанлари ўргатиладими?

Таълим олувчилар нафақат олийгоҳларда, балки мактаб давридан бошлаб ўзлари хоҳлаган фанларни танлаб ўрганишлари мумкин. Университетларда биринчи ўқув йилиданоқ асосий эътибор мутахассислик фанларига қаратилади, яъни, мажбурий равишда ўқитиладиган номутахассислик фанлари талабалар вақтини ўғирламайди. Умумий билимлар ўрнига соҳанинг тор доирасидаги фанлар чуқур ўрганилади.