Айни кунларда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида 18-марта ташкил этилган Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Мусобақага ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этишмоқда ва жамоа ҳисобига қатор медаллар қўшиб боришмоқда. Ана шундай спортчилардан бири, Ўзбекистон таэквондо жамоасининг -58 вазн тоифаси вакили Ниёз Пўлатов кумуш медаль билан тақдирланди. У ўтказилаётган мусобақа ҳақидаги ўз таассуротларини KUN.UZ таҳририяти билан бўлишди.

- Мен Осиё ўйинларида илк бор иштирок этдим. Бу мен учун катта шараф. Бундан ташқари, мен куч синашган рақиблар жуда кучли эди, улар орасида жаҳон чемпионлари ҳам бор эди, шу сабаб баҳслар осон кечмади. Ютуғимни Ватанимга, президентимга, ота-онам ва мени дуо қилиб қўллаб-қувватлаган барчага бағишлайман.

Ҳар бир спортчининг ичида ғолиб бўламан, деган ният ётади. Мен ҳам мана шу мусобақа олдидан финалга чиқишни жуда истаган эдим. Финалга чиқдим ҳам, аммо мағлубиятга учрадим. Шоҳсупада турар эканман, ичимдан озгина хафагарчилик ўтди. Чунки биринчи ўринни қўлга киритсам, Ўзбекистон байроғи бундан ҳам баландда турар, мамлакатимиз мадҳияси янграр эди. Бугунги хатоларимни тўғирлаб, кейинги мусобақаларда олтин медални қўлга киритиш ниятим бор.

Кейинги йил Англиянинг Манчестер шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда қатнашиб, совринли ўринни қўлга киритмоқчиман. Бундан ташқари, энг катта орзуим Олимпиадада қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олишдир, - деди у.

Ниёз Пўлатов мусобақанинг энг ёш иштирокчиларидан бири, у эндигина 19 ёшни қаршилади. Баҳсларда спортчи Ниёз Пўлатов нимчорак финалда Хитой Тайпейидан ташриф буюрган Ҳу Куангюни 30:28 ҳисобида, чорак финалда эса таиландлик Савеквиҳаре Рамнаронгни 23:21 ҳисобида мағлубиятга учратганди. У ярим финалда эронлик Ашур Зидо Фаллоҳ Фарзонни 15:13 ҳисобида (3:2, 5:2, 7:9)















