Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида қишлоқ хўжалиги вазирининг “Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланиши мумкин.
Низомга кўра, қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, хорижий мутахассислар билан биргаликда тайёрланган таклифлар асосида тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш учун қулай бўлган ерлардан ер участкалари ажратиб берилади.
Туман ҳокимининг қарори билан туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (комиссия раиси), туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, тегишли ҳудуд бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси, Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмасининг вакили (комиссия котиби)дан иборат таркибда қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш бўйича махсус комиссия тузилади.
Тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш учун қулай бўлган ҳудудларда қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ер участкаларини ажратиш тўғрисида туман ер ресурслари ва давлат кадастри органлари томонидан ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ишлаб чиқилган лойиҳалар қишлоқ хўжалиги хариталарида акс эттирилиб, унда лойиҳа рақами, ер участкасини ўлчами, манзили, контур рақами ва бошқа омиллар кўрсатилади.
Ишлаб чиқилган лойиҳалар уч кун муддатда туманда ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия томонидан кўриб чиқилиб, туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.
Туман ҳокимлиги қизилмия плантацияларини ташкил этиш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларда қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш, унда иштирок этиш шартлари ва уни ўтказиш жойи тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари бошқаруви (маъмурияти) биноларида осиб қўйилишини таъминлайди.















