Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш, тамғалаш, сақлаш, реализация қилиш ҳамда утилизация қилиш Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августдаги «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади, деб хабар бермоқда «Ўзстандарт».
Истеъмолчи ўзи харид қилаётган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни ушбу маҳсулотнинг тамғасидан (маркировка) олади. Шунинг учун ушбу қонунда озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш ва тамғалашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур қонуннинг 12-моддасида: Озиқ-овқатлар ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни қадоқланган, ўралган (барча муомала босқичларида сифати ва озиқлик қиммати сақланиб қолишини таъминлайдиган) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тамғаланган ҳолда чиқаришлари шарт эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, қадоқланган ва ўралган озиқ-овқатлар, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари ёриқларга (суқма варақаларга) эга бўлиши, уларда қуйидаги ахборотлар кўрсатилиши керак:
• озиқ-овқатнинг номи;
• озиқ-овқатни нимага мўлжалланганлиги (болаларга махсус мўлжалланган маҳсулотлар ва парҳез таомлар учун);
• тайёрловчининг номи;
• товар белгиси (белгига эга ташкилотлар учун);
• озиқ-овқат таркибига кирган нарсалар, шу жумладан озиқ-овқат қўшимчаларининг номи;
• озиқлик қиммати, нави;
• сақлаш шарт-шароитлари;
• тайёрланган санаси, яроқлилик муддати;
• тайёрлаш усули (масаллиқлар ҳамда махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
• оғирлиги;
• фойдаланиш усули (биологик фаол қўшимчалар: озиқ-овқат қўшимчалари, махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);
• мувофиқлик белгиси (маҳсулотини мувофиқлик белгиси билан тамғалаш ҳуқуқини берадиган лицензияси бор корхоналар учун);
• норматив ёки техникавий ҳужжатларнинг номерлари.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан 2017 йил 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида»ги 490-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан UzTR.490-022:2017 сонли «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги» умумий техник регламенти қабул қилинди ҳамда бу техник регламент жорий йилнинг 12 июль куни амалга киритилди.















