Бугун ва эртага Германия, Франция ҳамда Испанияда ҳам трансферлар даричаси ёпилади. Футбол майдонларида эса, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус олдидан жамоалар сўнгги ўйинларини ўтказади. Албатта, бу ўйинлар ичида олдиндан эътиборга лойиқ бўлган қизиқарли ўйинлар бор.

МИЛАН – РОМА (31 август, 23:30)

Италияда ҳам ўзига яраша Топ-5 шаклланиб қолгани туфайли, деярли ҳар турда катта ўйинларга гувоҳ бўляпмиз. Дастлабки турдаги ўйини қолдирилган миланликлар ўтган ҳафтада «Наполи»га сафар қилишган ва 2:0 ҳисобидаги устунликни бой бериб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлиб қайтишганди. «Рома» учун эса, бу мавсумдаги илк топ ўйин бўлади. Шундай бўлса-да, аввалги турларда римликларга қарши ўйнаган «Торино» ва «Аталанта» ҳам лиганинг кучли жамоалари саналишади. «Рома» ўз майдонида «Аталанта»дан 1:3 ҳисобида орқада бориб, якунда бир очко олишга муваффақ бўлди. Демак, кўриб турганингиздек, ҳар икки жамоада икки хил кайфият – «Рома» ирода кўрсатган бўлса, «Милан» яхши устунликни қўлдан чиқариб, мағлубиятга учради.

Икки жамоа ўртасидаги ўйинлар доим жуда қизғин кечган. Масалан, ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда ҳам меҳмон жамоа бир хил – 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Умуман, «Милан»нинг ўз майдонида «Рома» устидан сўнгги ғалабаси 2015 йилга тўғри келади.

Таркибларга келсак, «Милан»да катта муаммо йўқ, фақат Иван Стринич узоқ муддатга сафдан чиққан холос. У оғир хасталик туфайли номаълум муддатга футболчилик фаолиятини тўхтатган. Римликлар жамоасида эса, Алесандро Флоренци ҳали таркибга қайтгани йўқ. Аммо мавсумолди йиғинларида сафдан чиққан аргентиналик ярим ҳимоячи Диего Пероттини бугун майдонда кўришимиз мумкин.

ЛЕСТЕР – ЛИВЕРПУЛЬ (1 сентябрь, 16:30)

«Ливерпуль» кутилганидек, мавсумни жуда кучли бошлади ва ҳақли равишда уч турдан кейин турнир жадвалини бошқариб турибди. Жамоанинг кўп гол уриши янгилик эмас, аммо шу паллада Клопп шогирдлари ҳали ўз дарвозасидан гол ўтказмаган АПЛдаги ягона жамоа ҳам бўлиб турибди. «Ливерпуль»нинг янги трансферлари жамоа ўйинига аввало, мувозанат олиб кирганини қайд этиш керак.

Аммо «Лестер» анойи эмас ва «Ливерпуль» учун жуда жиддий синов деб айтиш мумкин. Лестерликларнинг ўйин услуби, ўта тезкор қарши ҳужум тактикаси «Ливерпуль»нинг юқори прессинги учун жуда хавфлидир. Чунки, бу ҳолда «Ливерпуль» ярим майдонида жуда катта бўшлиқлар юзага келади. Узун паслар орқали Вардини қулай вазиятларга чиқариш «Лестер»нинг сўнгги уч йилдаги энг кўп амалга оширган машғулотидир, яъни дарвозабондан тортиб, ҳар бир футболчи бу ишни қандай бажаришни жуда яхши билади.