Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси президенти Абдул Фаттоҳ Саид Ҳусайн Халил Ас-Сиси расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Режалаштирилаётган саммит давомида олий даражада Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашиш мўлжалланган.
Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар муҳим тўпламини имзолаш режалаштирилган. Улар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида кенгайтиришни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миср президенти Осиё бўйлаб турне ўтказаётгани, у Ўзбекистонга ҳам келиши хабар қилинганди.

















