08:20 / 05.09.2018
7868

Беларуслик мутахассислар Ўзбекистондаги АЭС қурилишида иштирок этишга тайёр 

Фото: ЎзА

Беларуслик мутахассислар Ўзбекистондаги АЭС қурилишида бевосита иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда Беларусь Республикасининг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич ЎзА’га маълум қилди.

Элчининг таъкидлашича, ядро энергетикаси соҳасидаги алоқалар ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналиши бўлиши мумкин.

«Беларусь яқин орада россиялик шериклар билан ўз АЭСи қурилишини якунлайди. Биринчи энергоблокни 2019 йилда, иккинчисини 2020 йилда ишга тушириш режалаштирилган», - дея қайд этиб ўтди дипломат.

«Маълумки, Ўзбекистон 2028 йилгача АЭС қуришни режалаштирган. Беларуслик лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари атом энергетика объектларини қуриш бўйича маълум тажрибага эга. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида юртимиз янгиланган энергетика тармоғи учун кадрлар тайёрловчи янги таълим йўналишлари очилди», - дейди у.

Элчининг билдиришича, беларуслик мутахассислар Ўзбекистондаги АЭС қурилишида бевосита иштирок этибгина қолмай, балки техника ва ускуналар билан таъминлаш, маслаҳат ёрдами кўрсатиш, кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этишга ҳам тайёрдир.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тинч мақсадларда фойдаланиш учун атом энергетикасини барпо этишга киришилди. Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилди. 

Мазкур комплекс 2та энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий энергоблок танлаб олинган. Уни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. 

Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу манба қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

Мавзу
Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилиши
Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда биринчи Атом элект станцияси қурилиши бўйича ҳаракатлар бошланди
Барчаси
Top