Реактив қувват компенсацияси бўйича низомга тузатишлар киритилди
Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, Низом билан белгиланган электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатишда технологик сарфларни камайтириш ҳамда реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартиби қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:
• истеъмолчилар: жисмоний шахслар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар (саноат корхоналари ва уларга тенглаштирилган электр энергияси истеъмолчилари);
• энергия таъминоти ташкилотлари ҳамда янги, кенгайтирилаётган ва реконструкция қилинаётган корхоналарнинг электр ускуналарини лойиҳалаштирувчи ташкилотлари.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, энди ҳар бир киришида ҳисобланган актив қуввати илгаригидек 50 kW эмас, балки 20 kW’дан кам бўлган истеъмолчилар учун реактив қувват компенсацияланиши шарт.
Маълумот учун: реактив қувват компенсациясидан энергияни тежаш мақсадида фойдаланилади. Йирик саноат корхоналарида бу масала янада долзарб саналади. Реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни (РҚКҚ) қўллаш тармоқдан истеъмол қилинадиган қувватни камайтиришнинг энг таъсирчан ва самарали усули ҳисобланади.
Низом реактив қувват компенсацияси билан боғлиқ қандай масалаларни ўз ичига олиши тўғрисидаги бандга тузатиш киритилди. У 1000 V’гача ва ундан юқори кучланишли электр тармоқларидаги РҚКҚнинг тури, қуввати, уланиш жойи ва ишлаш режимини танлаш масалаларини ўз ичига олади. Илгари бу масалаларни ҳал қилиш фақат саноат корхоналарига тааллуқли бўлган бўлса, энди юқорида кўрсатилган истеъмолчиларнинг барча тоифалари тушунилади.
Қувват коэффициентининг пасайиши оқибатида электр энергиясининг қўшимча технологик йўқотишларини ҳисоблаш тартиби ҳам Низомга қўшимча қилинди.
Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва (ёки) Магистрал электр тармоғидан таъминланадиган истеъмолчилар учун қувват коэффициентининг норматив қийматини белгилаш тартиби ўрнатилди.
Ҳужжат 5.09.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
10:21 / 07.06.2024
FT Украина энергетикасининг ярми йўқ қилингани ҳақида хабар берди
19:05 / 06.06.2024
Истеъмолчиларга базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган газ-свет ҳақида SMS юборилмоқда. Бу қандай ишлайди?
08:34 / 05.06.2024
Ўзбекистоннинг маҳсулот тақсимотига оид барча битимлари хатловдан ўтказилади
15:53 / 03.06.2024