Ўзбекистон | 16:48 / 12.09.2018
24145
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлигида янги тайинловлар юз берди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ахборот-таҳлил ишлари самарадорлигини ошириш, таркибий тузилмалар ўртасида ахборот алмашинуви жараёнини мувофиқлаштириш, шунингдек жамоатчилик билан ишлаш ва маълумотлар очиқлигини таъминлаш даражасини янада кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Ўзбекистон Республика Молия вазирлигининг Мувофиқлаштириш ва ахборот-таҳлил Департаменти ташкил этилди. 

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, департамент бошлиғи лавозимига Миркомил Одилов тайинланди.

Миркомил Миралимович Одилов

Миркомил Миралимович Одилов 1986 йилда туғилган. Маълумоти олий. 2011-2016 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, бошқарма бошлиги; 2016-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази директори ўринбосари; 2018 йил Молия вазирлиги ҳузуридаги молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларнинг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўқув маркази директори лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлигининг 287-сонли буйруғига асосан Азамат Шуҳратович Фозилов Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги молия органлари ва бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Ўқув маркази директори лавозимига тайинланди.

Азамат Шуҳратович Фозилов

Азамат Фозилов 1980 йилда таваллуд топган. Маълумоти олий. 2001-2004 йил Самарқанд вилояти ҳокимлигининг молия бошқармаси бюджет бўлимида 1-тоифали иқтисодчи, бош иқтисодчи; 2008-2011 йилларда Молия вазирлиги Ғазначилик Амалиёт бошқармасининг Мудофаа идоралари ташкилотларининг юридик ва тўловларни амалга ошириш бўлими бошлиғи; 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид