Россия Миллий гвардияси раҳбари Виктор Золотов Коррупцияга қарши курашиш фонди раҳбари Алексей Навальнийга видеомурожаат йўллаб, уни дуэлга чорлади. Август ойида Росгвардияни ҳарбийлар учун маҳсулотларни оширилган нархларда сотиб олишда айблаб чиққан Навальний айни вақтда маъмурий жазо сифатида 30 кун муддатга қамалган.

Фото: © РИА Новости /  Максим Блинов, Михаил Климентьев
«Ундан серсув котлет тайёрлайман»: Росгвардия раҳбари Навальнийни дуэлга чорлади (видео)

Коррупцияга қарши курашиш фонди 23 август куни Росгвардия учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишидаги қоида бузилиши бўйича текширувлари натижасини эълон қилганди. Фонд ходимлари аниқлашича, 2017 йил декабрида «Мясокомбинат «Дружба народов» МЖЧ Росгвардия учун ягона етказиб берувчига айлангач, маҳсулотлар учун нархлар бир неча бор кўтарилган. «Дружбы народов» хўжайини сифатида Борис Кантемиров кўрсатилган — у ўз вақтида Ички ишлар вазирлигининг Ички қўшинлари Марказий архивида бошлиқ бўлган. Росгвардия 2016 йилнинг апрелида айнан Ички қўшинлар базасида ташкил этилган. ИИВ ички қўшинлари бошлиғи бўлган Виктор Золотов Росгвардия раҳбарига айланган.

Виктор Золотов. Фото: РИА Новости

Фонд материалларида карамнинг 1 килограмми ўтган йили 14,96 рублга харид қилингани ҳолда, бу йил 46,78 рублдан сотиб олинаётгани, нарх ўтган йилдагидан 3 баробар қимматлашгани айтилганди. Пиёзнинг 1 килограмми эса ўтган йили 16 рублдан, бу йил эса 37 рублдан сотиб олинмоқда. Олма шарбатининг нархи ҳам икки баробар ошган - 1 литри учун 40 рубль ўрнига 87 рублга. Картошка, сабзи, ёғ ва бошқа маҳсулотлар билан ҳам шу аҳвол.

Росгвардия ва «Дружбы народов» ўртасидаги шартнома ҳажми 2 миллиард 400 миллион рубни ташкил этган.

Росгвардия учун белгиланган нархлар нафақат ўтган йилдаги нархлардан, балки ҳозирги бозор нархларидан ҳам юқори. Масалан, Москвадаги «Пятёрочка» дўконида, дўкон ижараси, ташиш ва хизматчилар учун харажатлар чиқариб ташланганида 1 килограмм пиёз баҳоси 26 рублдан сотилади, катта миқдордаги маҳсулотлар учун кўтарасига буюртма берадиган Росгвардия эса пиёзнинг 1 килограммини 37 рублдан сотиб олмоқда.