14:18 / 13.09.2018
5610

Credit Suisse Ўзбекистон нефть ва газ саноати лойиҳаларини молиялаштиришга тайёр турибди

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бош офисида компания раҳбарияти Швейцариянинг “Credit Suisse” банки вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда банкнинг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришдаги иштироки муҳокама этилди. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти банк вакилларига компания фаолияти, нефть ва газ саноати доирасидаги инвестицион лойиҳалари ва мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Швейцария банки вакиллари мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишида муҳим ўрин тутадиган “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштиришга катта қизиқиш билдираётганларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
 
Банк вакилларининг айтишича, лойиҳаларни молиялаштириш нафақат тижорат мақсадини кўзлайди, балки “Credit Suisse” банкининг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан стратегик муносабатларнинг ўрнатилишига хизмат қилади. Ва улар ушбу ҳамкорлик узоқ муддатли бўлишидан умидвор эканлигини таъкидлади.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Учрашув якунида томонлар “Шўртангазкимё” мажмуаси масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини биргаликда кўриб чиқиш бўйича келишувга эришди.

Top