Туризм: Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида 2019-2020 йиллар учун ҳамкорлик дастури имзоланди
12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазирлиги ўртасида 2019-2020 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга доир дастур имзоланди.
Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Беларусь делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров ва Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук ўртасидаги музокараларда икки давлат ўртасидаги туризмни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Қўмита матбуот хизмати KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.
Сергей Ковальчук Беларусь Республикасига ташриф буюраётган сайёҳлар учун муҳим туристик трендлар, Беларусь раҳбарияти томонидан сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида қабул қилинаётган қарорлар ҳақида сўзлади. Беларусда дунёнинг 80 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик визасиз кириш тизими йўлга қўйилганини айтиб ўтган Ковальчукнинг сўзларига кўра, Европадаги қадимий мамлакатлардан бирига ташриф буюраётган сайёҳларни бизнес туризм, спорт ва тиббиёт туризми кўпроқ жалб қилади. Айни вақтда Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазирлигининг энг катта эътибори келаси йили 21 июлдан 30 июлгача бўлиб ўтадиган Европа ўйинларига қаратилмоқда. Боиси айнан мана шу давр оралиғида 50 дан ортиқ мамлакатдан туристлар ташрифи кутилмоқда, уларни муносиб қарши олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров, ўз навбатида, мамлакатимиз туризм соҳасининг ҳозирги ҳолати, минтақаларда туризмни ривожлантиришга қандай эътибор қаратилаётгани, туризм йўналишида Ўзбекистон қандай салоҳиятга эга экани ва бу саноатни ривожлантириш учун катта ишлар қилинаётгани ҳақида сўз юритди.
Қўмита раиси Самарқандда очилган Ипак Йўли халқаро туризм университети фаолиятига тўхталиб, у ерда туризм соҳаси учун зарур бўлган малакали кадрлар етишиб чиқишини алоҳида қайд этди. Мазкур Университет аста-секин хорижий талабаларни ҳам ўзига жалб этган ҳолда жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинадиган дипломни тақдим этишига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ўртасида туризмни ривожлантиришга доир фикрлар алмашилди.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024