Ўзбекистон | 11:40 / 15.09.2018
63921
3 дақиқада ўқилади

Пахта-2018. Пахта терими учун нафақахўрлардан пул йиғиб олингани аниқланди

Тошкент вилоятида 2018 йилги пахта терими мавсуми учун нафақахўрлардан маълум миқдордаги пуллар ушлаб қолингани аниқланди ва суриштирувлар натижасида ушбу пуллар эгаларига қайтарилди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев телеграмдаги каналида маълум қилишича, мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида жамоатчилик назорати лойиҳаси сифатида ташкил этилган махсус ботга (@paxta2018_bot) Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида пенсионерларнинг пенсиясидан пахта учун пул ушлаб қолишганлиги ҳақида мурожаат йўлланган.

Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ушбу мурожаат ўрганиб чиқилган.

«Янгийўл шаҳар ҳудудидаги 15та маҳаллада нафақа олувчи фуқаролардан ноқонуний равишда пахта йиғим терими учун пул маблағлари йиғилаётгани ҳолати аниқланмади. Бироқ, ўрганишда Янгийўл шаҳар, «Янгибоғ» М.Ф.Й. раиси А.Р. ва масъул котиби Х.Б. томонидан пахта терими учун нафақа олувчи фуқаролардан пул маблағлари йиғилгани маълум бўлди.

Жумладан, мурожаатда келтирилган важларни текшириш давомида «Янгибоғ» М.Ф.Й. раиси А.Р.нинг пахта йиғим теримига водийдан жалб қилинган теримчилар учун маҳалланинг ҳар бир хонадондан 25 минг сўмдан пул йиғиш тўғрисидаги топшириғига асосан М.Ф.Й. масъул котибаси Х.Б. нафақа тарқатилиши вақтида нафақахўрлардан 25 минг сўмдан пул йиғилгани ва уйига олиб бориб қўйгани аниқланган.

Х.Б. томонидан нафақахўрлардан пахта йиғим терими учун йиғилган жами 1.586.000 сўм нақд пуллар ва пул берган нафақахўрлар рўйхати тузилган дафтар тақдим этилди.

Ушбу дафтар кўздан кечирилганда жами 71 нафар фуқародан 1.470.000 сўм йиғилгани ҳақида маълумотлар борлиги аниқланди.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинидаги 71 нафар фуқаронинг 54 нафаридан тушунтириш хати олинганда, уларнинг 33 нафари ўз хоҳиши билан пул берганини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида Янгийўл шаҳар «Маҳалла хайрия жамоат фонди» раиси А.А. 2018 йил пахта йиғим терими учун 15та М.Ф.Й. раислари билан ўтказилган йиғилишда Фарғона вилоятидан жами 150 нафар теримчи олиб келишга келишилгани, 2018 йил сентябрь ойи бошларида 15та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан 1.000.000 сўмдан жами 15.000.000 сўм пул йиғилиб, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан теримчилар билан 750.000 сўмдан келишиб, аванс тариқасида ҳар бирига 100.000 сўмдан бериб келингани, ушбу пуллар пахта йиғим теримига чиқишни хоҳламаган «уюшмаган аҳоли»дан ва ҳомийлар ҳисобидан йиғиб олиб беришни режалаштирилиши аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Сизда ҳам мажбурий меҳнатга оид маълумотлар бўлса @paxta2018_bot махсус боти орқали хабар бериш сўралади.

Мавзуга оид