Роппа роса тўрт йил муқаддам — 2014 йилнинг 15 сентябрида қолипли нон — «буханка»нинг нархи 8 фоизга, 600 сўмдан 650 сўмгача оширилган ва шунча вақтдан буён ўзгаришсиз келаётган эди.
2018 йил 13 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №731-сонли қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига кўра, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб қолипли нонни талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотиш ҳамда «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналари томонидан спирт ишлаб чиқарувчилар ва чорвачилик (паррандачилик, балиқчилик) корхоналарига дон, шунингдек, олий навли буғдой унини биржа савдолари орқали чекловларсиз сотиш, 1 кг 1-нав буғдой уни учун улгуржи сотиш нархини 1400 сўм миқдорида белгилаш (1 ноябргача буни ҳам бекор қилиш) тартиби жорий этилди.
Ёдингизда бўлса, KUN.UZ 2017 йилнинг декабрь ойида Сурхондарё вилояти Шўрчи туман деҳқон бозорида қолипли нон 1250 сўмдан сотилаётгани ҳолатини ўрганиб қайтган эди.

Ўшанда биз экспертларнинг биридан мазкур ҳолатга изоҳ беришни сўрагандик ва у шундай жавоб қилган эди:
«Бу масала жуда кўп ва чуқур ўрганиб чиқилган. Олдини олиш жуда қийин бўлаяпти. Аввало, 650 сўмдан сотилиши керак бўлган 500 граммлик буханка ноннинг қиммат сотилишига сабаб —ўзимизда ишлаб чиқарилган ва нон пишириш учун давлат нархида тақдим этилаётган 1 қоп (50 кг) уннинг нархи 52.500 сўмлиги, Қозоғистонда ишлаб чиқарилгани эса бозорда 125 минг сўмлигидир.
Ўзимизда ишлаб чиқарилган 500 граммли қолипли ноннинг 1 донасини 650 сўмдан сотишлари керак. Агар ўзимизда ишлаб чиқарилган ва қолипли нон (буханка) учун мўлжалланган, қопи 52,5 минг сўмлик ун сотиб юборилса қопи 95-100 минг сўмга сотилади. Шуни нон қилиб пишириб сотса, ҳеч нарса чўнтагига қолмайди. Шу сабабли давлат томонидан арзон нархларда тақдим этилаётган унни ё қопи билан қимматроқ сотишади ёки ундан тайёрланган 650 сўмлик ноннинг нархи қимматроқ қилинади.
Бу ерда худди валюта конвертацияси, бензин нархи билан боғлиқ вазиятга ўхшаш ҳолат рўй бермоқда. Уннинг давлат томонидан тақдим этиладиган ва бозор нархи ўртасида 2 баробар фарқ бўлганидан сўнг, ўз-ўзидан чайқовчилик ва қинғир ишларга замин пайдо бўлаяпти-да. Бунга қарши на солиқчи, на бошқаси кураша олмайди.

















