18 сентябрдан долларнинг сўмга нисбатан расмий курси роппа-роса 8 039 сўм бўлди. Бу ўтган ҳафтадаги курсга нисбатан 176 сўм 83 тийинга ўсишдир. Ўзбек сўми 2017 йил 5 сентябридан буён — мамлакатда валюта либерализацияси бошланганидан бери долларга нисбатан ҳали ҳеч бу қадар қадрсизланмаганди.
Марказий банк валюта алмашув курси динамикаси тўғрисида ахборот тақдим этди. Унда Ўзбекистонда долларнинг расмий курси кўтарилаётганига изоҳ берилган.
Охирги уч ойда ташқи иқтисодий шароитларининг ўзгариши ички валюта бозорида миллий валюта алмашув курсининг шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойидан бошлаб валюта алмашув курси бозордаги хорижий валютага бўлган жорий талаб ва таклиф ҳолатидан келиб чиқиб шаклланиб келмоқда.
Валюта курсининг ўзгариши олдинги йилларда кузатилган доимий девальвация тенденциясидан фарқли равишда, жорий йилда ички ва асосан ташқи омиллар таъсирида шаклланиб, турли йўналишдаги динамикага эга бўлмоқда.
2018 йилнинг январь-июль ойларида валюта курси динамикаси асосан мавсумий омиллар таъсирида шаклланди.
Хусусан, январь ойида экспорт ва халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг нисбатан кам бўлганлиги шароитида миллий валюта алмашув курси 8139 сўм/доллардан 8089 сўм/долларгача пасайди.
Шу билан бирга, март-июль ойларида экспорт ва бошқа манбалардан валюта тушумларининг ошиши натижасида сўмнинг алмашув курси тескари динамикага эга бўлиб, биринчи август ҳолатига 7782 сўм/долларгача қадри ошди.
Бундан ташқари, чет эл валютасидаги кредитлар ҳажмининг тез суръатларда ўсиши ва депозитлар долларизация даражасининг пасайиши ички валюта бозоридаги хорижий валютага бўлган талабни қисман қондирилишига хизмат қилди. Шунингдек, миллий валютадаги муддатли ва жамғарма депозитлар ҳажмининг ошиши ҳам сўм алмашув курсининг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатди.
Жорий йилнинг август ойидан бошлаб алмашув курси динамикасига ташқи омиллар, айниқса асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши (Россия – 19 фоиз, Қозоғистон – 17 фоиз, Хитой – 9 фоиз, Туркия – 56 фоиз) таъсири кучайди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу давлатлар валюталари курсларининг кескин ўзгариши сўм алмашув курсига бир ойдан уч ойгача бўлган муддатдан кейин ўз таъсирини кўрсатади.















