Иқтисодиёт | 18:22 / 21.09.2018
77349
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари кескин камайди

Фото: The Wall Street Journal

Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг олтин-валюта захиралари тўғрисидаги маълумотни эълон қилди.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. 

Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Олтин-валюта захираларини самарали бошқариш мақсадида Марказий банк томонидан захираларнинг ялпи ва соф қийматлари ҳисоби юритилади.

Ялпи олтин-валюта захиралари 26,8 млрд долларни ташкил этди (августда 27,3 млрд доллар эди). Улардан хорижий валютадаги активлар - 12,9 млрд доллар (бир ой аввал 13,5 млрд доллар бўлган), монетар олтин - 13,9 млрд доллар (августда 13,7 млрд доллар бўлган).

Соф олтин-валюта захиралари 25,9 млрд долларни ташкил этди (бир ой аввал 26,3 млрд доллар бўлган).

Марказий банк изоҳига кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50 дан 1206,85 долл/тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири - 970,4 млн доллар).

Жорий йилнинг август ойида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1219,20 дан 1206,85 долл/тр.унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири - 139,7 млн доллар).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швейцария Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозори бўлиб қолгани, у ерга олтин сотилаётгани хабар берилганди. 

Мавзуга оид