Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Бинали Йилдирим бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда расмий учрашувларда иштирок этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

24 сентябрь куни юқори даражали меҳмон Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Адлия вазири Руслан Давлетов билан биргаликда Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ“да  ташкил этилган тадбирда иштирок этди. Ушбу тадбирда Туркия Республикаси Ўзбекистонга 50 дона тез ёрдам машинаси ва 20 дона мобил офис автобуси тақдим этди.

Тадбирда сўз олган Бинали Йилдирим Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама ўзаро дўстликка асосланган муносабатларнинг ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон Туркия муносабатларида сўнгги икки йилда, 2016 йилдан бери бўлган даврда ижобий ўзгаришлар бор. Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасига келиши натижасида Ўзбекистоннинг ҳам ташқи сиёсатида, ҳам Туркия билан муносабатларида янгича кўриниш олди. Биз Ўзбекистон билан алоқаларимизни тарихда бўлгандай, энг юқори савияларга чиқаришни мақсад қилганмиз. Чунки илм-фаннинг, тафаккурнинг ўчоғи бўлган Ўзбекистон замини – Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа гўшалар – Туркия учун жуда катта аҳамиятга эга», дейди Бинали Йилдирим.

Анжуман якунида Жаноб Йилдирим тез ёрдам машиналари рамзий калитини Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга, мобил офис автобуслари рамзий калитини эса Адлия вазири Руслан Давлетовга тантанали равишда топширди.