Жамият | 16:28 / 25.09.2018
9573
3 дақиқада ўқилади

"Эъзозли аёллар" гимнастрада спортчи гуруҳи ташкил топганлигининг 6 йиллиги нишонланди

Бугун, 25 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Миллий боғда “Эъзозли аёллар” гимнастрада спортчи гуруҳи ташкил топганлигининг 6 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда спорт билан шуғулланишни аҳолининг кундалик ҳаёт тарзига айлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган фаол аёллар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

“Эъзозли аёллар” гимнастрада спорт гуруҳи  Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси  ташаббуси билан  Тошкент шаҳар Шайҳонтохур туманидаги Янгиобод маҳалласида 2012 йилда ташкил қилинган эди. 

Ушбу гуруҳнинг асосий мақсади 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аёлларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш,  уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этиш, бир сўз билан айтганда хотин-қизларни жисмоний тарбия ҳамда спортга кенг жалб қилиш орқали оналар саломатлигини асраш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишдан иборатдир.

Гуруҳ аввалига 20-30 нафар аёллардан иборат бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сафи янада кенгайган. Бугунги кунда ушбу гуруҳларда 5 мингдан зиёд аёл-қизлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. 

“Эъзозли аёллар” гимнастрада гуруҳлари  республикамизнинг барча мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей, олий ўқув юртлари ва маҳаллаларда  ташкил этилган.  

Гуруҳ аъзолигига аёлларни қабул қилишда уларнинг тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича шифокорнинг назоратидан ўтганлиги, соғлиғи ҳақидаги тўлақонли маълумотга алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда уларга турли даражада бўлган жисмоний соғломлаштириш машқлари тавсия этилади.

Тадбирда сўзга чиққан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг маълум қилишича, бу аёлларга вазирлик алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларга спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратиб берилади, гуруҳнинг барча аъзолари бир хил либос билан таъминланади ва қишда ёпиқ иншоотда шуғулланишлари учун жой ажратилади.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид