Ўзбекистонда «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ватандошлар билан мулоқот ва хорижда мутахассислар тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги хорижда мутахассислар тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот бўйича Марказ «Эл-юрт умиди» жамғармасига ўзгартирилди.
Белгиланишича, жамғарма Ўзбекистон Республикаси президентининг «Истеъдод» жамғармаси ҳуқуқий вориси бўлади.
Жамғарма катта илмий ва амалий тажрибага эга бўлган, хориждаги таниқли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббий муассасалар, иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларида ишловчи ватандошлар билан алоқалар ўрнатади. Шунингдек, катта илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар электрон реестрини ташкил этади ҳамда юритади. Бундан ташқари, хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига жалб этиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.
Қайд этилишича, жамғармага Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимига тайинланувчи ва лавозимидан озод этилувчи директор раҳбарлик қилади. Директор мақоми, иш ҳақи ва бошқалар бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.
Таъкидланишича, жамғарманинг молиявий кўмаги билан магистратура ёки докторантура дастурлари бўйича таълим олган стипендиатлар тузилган шартномада белгилаб қўйилган муддат давомида олий таълим ёки илмий муассаса, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида ишлаб беришга мажбур бўлади.
Жамғарма «Ўзавтосаноат» АЖнинг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй (3-қават)да жойлаштирилади.
Мавзуга оид
08:40 / 18.09.2024
Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вазифалари аниқлаштирилди
07:53 / 06.08.2024
Аденауэр жамғармаси Россияда «номақбул» деб тан олинди
14:15 / 28.07.2024
“Халқ олдида ҳисобдормиз, таълимга қилинган инвестиция ўзини оқлайди” – “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан суҳбат
09:52 / 19.07.2024