Америка Қўшма Штатлари Россия-Хитой ҳарбий ҳамкорлиги бўйича ғояга эътиборсизлик билан ёндашди, деб ёзмоқда Foreign Affairs журнали.

Россиянинг «Восток-2018» ҳарбий машқлари 17 сентябрь куни ўз ниҳоясига етди. Тарихда илк маротаба машқларда Хитойнинг 3,2 минг ҳарбий хизматчиси иштирок этди. Нашрнинг ёзишича, аввал Москва фақатгина Беларусь каби «ҳарбий иттифоқчилар»ини қўшма машқларга таклиф қилган.
Вашингтон ҳарбий соҳада Россия-Хитой эҳтимолий иттифоқига эътиборсизлик билан ёндашиб келди, деб ёзади Foreign Affairs. Пентагон раҳбари Жеймс Мэттисдан қўшма машқлар туфайли ташвишда эмаслиги ҳақида сўрашганида, у: «Узоқ муддатли истиқболда мен Россия ва Хитойни бир-бирига боғлайдиган нарса етарли эмас, деб ҳисоблайман», деб жавоб қайтарди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбарининг позицияси Ғарбда умумқабул қилинган фикр билан мос келади. У ердан ҳисоблашларича, Россия билан Хитой ўртасидаги ишончсизлик стратегик алоқаларни ўрнатиш учун жуда чуқурлик қилади. Бироқ, аслида бундай эмас, дейилади материалда. Икки собиқ рақиб ўртасидаги ҳарбий алоқаларнинг кенгайиши ҳақиқатан ҳам рўй бериши мумкин, дея аниқлик киритади Foreign Affairs. Россия ва Хитой ўртасидаги нисбатан чуқур стратегик ҳамкорлик АҚШнинг ярим асрлик стратегик ҳамда ҳарбий режасини йўққа чиқариб ташлаши мумкин, дея қўшимча қилиб ўтган нашр.
Россиянинг «Восток-2018» ҳарбий машқлари Москванинг Пекинга нисбатан стратегик позициясини ўзгартиришда энг муҳим ҳолат бўлди - бу 2014 йилдан сўнг босқичма-босқич жадаллашиб борди, дейилади материалда.

Журналнинг кўрсатишича, икки давлатни бирлаштирадиган омиллар орасида Россия-Хитой чегарасида тинчликни сақлаб қолиш истаги бор. Россия ва Хитой ўртасидаги яқинлашувнинг иккинчи омили уларнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлиги ҳисобланади, дея таъкидланади материалда. Сўнггиси - умумий сиёсий мақсадлар. Ҳар икки режим барқарорликни қадрлайди ва ҳокимиятни ушлаб қолишни хоҳлайди, дея аниқлик киритади нашр.









