Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада 14 ёшли қизини фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган аёлга ҳукм чиқарилди
Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшаган, онаси томонидан фоҳишалик билан шуғулланишга доимий тарзда мажбурланган, кейинчалик аборт қилдирилган еттинчи синф ўқувчиси бўлган қиз Қўқон шаҳридаги махсус мактаб-интернатга юборилди, деб хабар қилмоқда ОАВ.
Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Сайёра Алимованинг сўзларига кўра, вояга етмаган қизга нисбатан жиноят содир этишда айбдор бўлган барча шахслар тегишли жазога тортилди.
«Жиноий ишлар бўйича Бешариқ туман суди ўзининг вояга етмаган қизини пул учун фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган Феруза Давроновани ўн ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. «Чорбоғтуронил» қишлоғида яшаган Шерзод Балибеков, Жасур Эргашев ва Эргашали Сулаймонов суд томонидан қизчани зўрлашда айбдор деб топилди ва ҳар бири 12 йилга қамалди», - дея таъкидлаб ўтган вилоят маъмурияти амалдори.
Унинг сўзларига кўра, зўрлаш қурбонига айланган еттинчи синф ўқувчиси билан руҳшунос ишлаган. Шундан сўнг қизча Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Сайёра Алимова ёрдамида Қўқон шаҳридаги махсус мактаб-интернатга жойлаштирилди.
«Суд қарори 27 сентябрдан кучга кирди. У бир ой муқаддам, 27 август куни чиқарилган. 30 кунлик апелляцион муддат якунланди. Барча тўрт нафар жиноятчи жазони ижро этиш муассасаларига юборилди», - дея айтиб ўтди туман суди вакили.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура Сурхондарёда зўрланиб, ўлдирилган 11 ёшли қизча билан боғлиқ ҳодиса ҳақида янги тафсилотларни маълум қилганди.