Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкиннинг ATR телеканали эфирида маълум қилишича, Россия Қримда ядро қуролини жойлаштирган бўлиши мумкин.

Климкиннинг таъкидлашича, Россия ярим оролини катта «ҳарбий базага» айлантирган.

«Бизда у ерда ядро қуроли ёки ядро қуроли учун инфратузилмалар бўлиши мумкин, деган асосли шубҳа келиб чиқмоқда», - дея маълум қилди вазир.

Шунингдек, Климкиннинг сўзларига кўра, Россия армияси Қримдан Сурияга қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб бермоқда.

Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Украина ТИВ «Қримнинг қуролланиши» бўйича БМТга махсус резолюция лойиҳасини тақдим этишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Порошенко БМТнинг Қрим бўйича резолюцияси қабул қилинишига ишонч билдирганди