Қозоғистон миллиардерлар ва амалдорлар Нурсултон Назарбоевнинг сўнгги кўрсатмасига мувофиқ Туркистон вилоятини қуришга киришадилар. Президентлик рўйхатида тилга олинган кўплаб кишилар мамлакатдаги энг бой тадбиркорлардир, дея ёзади Nur.kz.
Рўйхатда асли келиб чиқиши ўзбекистонлик, Бельгия фуқароси бўлган қозоғистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиев ҳам бор. ERG компанияларига эгалик қилувчи Шодиевга Назарбоев туркий халқлар музейини қуриш ҳақида топшириқ берди.
Forbes журнали маълумотига кўра, Бельгия фуқаролигига эга қозоғистонлик тадбиркор Фаттоҳ Шодиев 2 млрд долларга эга. Бельгия миллиардерлар орасида у иккинчи ўринни эгаллайди.
65 ёшли Шодиевга Евроосиё банки капиталининг учдан бир қисми тегишли, бироқ ёзда у директорлар кенгашидан чиқди.
Шунингдек, «Назарбоев рўйхати»да «Базис-А» қурилиш компанияси раҳбари, 324 млн долларга эга Александр Белович, BI Group эгаси Ойдин Раҳимбоев ($370 млн), Жанубий Кореянинг нуфузли уй-жой қуриш бўйича компанияси - «Хайвилл Қозоғистон» бош директори Канг Жон Дэ, Нурлан Смагулов ($450 млн), Дониёр Абулгазин ($317 млн), «КазМунайГаз» бошқаруви раиси Сауат Минбаев бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Назарбоев Чимкентни Марказий Осиёнинг иқтисодий марказига айлантирмоқчи экани хабар қилинганди.











