Нега сиртқи ва кечки таълим контрактлари бунча қиммат?
Контрактлар нархининг баландлиги ҳақида гап кетганда, вазирликнинг берган расмий тушунтириши ёдимизга тушади, деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Унда айтилганидек, талабалар тўлайдиган контрактларнинг катта қисми, яъни 45-80 фоизи талабанинг ўзига стипендия тариқасида қайтарилади. Масалан, - дейди вазирлик, - талаба “аъло” баҳога ўзлаштирса жами 7,5 млн.сўм стипендия олади.
Яхши, тушундик.
Лекин бошқа савол: унда нима учун сиртқи ва кечки таълимда ўқийдиган талабаларга стипендия тўланмайдию, лекин барибир контракт нархи кундузгиники билан бир хил?
2004 йил 10 март куни тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномада стипендиялар фақат кундузги шаклда таҳсил олаётган талабаларга тўланиши белгиланган. Айтганча, мавзудан ташқари бўлса ҳам айтай, стипендия тўлаш ҳақидаги йўриқноманинг 14 йилдан буён фақат рус тилидаги матни мавжуд, ўзбек тилидагиси йўқ. Шунчаки шармандалик дейман, бунақа ҳолатларни. Майли, «revenons a nos moutons» (фр.), бошқача айтганда «қўй мавзусига қайтамиз».
Демак, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган талабаларга қоида бўйича стипендия тўланмаслиги ойдинлашди. Лекин контракт нархлари улар учун ҳам энг арзони 8 млн 293 минг сўм, энг қиммати 11 млн 58 минг сўм этиб белгиланган.
Нима учун кундузги шаклда таҳсил олаётганлар худди шунча тўлаб стипендия олади-ю, сиртқи ва кечки таълимдагилар олмайди? Қани мантиқ? Қани ижтимоий адолат?
Боз устига сиртқи таълимдагилар доим ҳам ўқишга келишмайди, яъни уларга камроқ харажат ҳам кетади. Аммо контракти отни калласидай.
Биз ушбу жумбоқли масалага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан яна бир марта асослантирилган изоҳ кутиб қоламиз, деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024