Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов «Динамо» профессионал футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари билан учрашди.

Учрашувда «Динамо» клубининг бугунги натижалари таҳлил қилинди. Жумладан, клубни молиялаштириш манбалари, футболчиларга тўланаётган маошлар ва мукофот пулларининг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, клуб бошқарувини самарали ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
«Рақобатбардош футбол жамоаси барпо этиш учун катта пул керак бўлади. Аммо биз маҳаллий истеъдодлардан иборат жамоани туза олсак, пул ҳам иқтисод бўлади, жамоа ҳам чиройли ўйин кўрсатади. Лекин вилоят ҳокими ва вилоят футбол федерациясининг раҳбари сифатида таъкидлашим керакки, бугунги жамоа миллиардлаб пулни сарфлаб, 9та жамоа ичида 5-ўринда бораётгани, яна 300-400 миллионлаб қарзи бўлиши биз самарқандликларни қаноатлантирмайди», — дея Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.
«Намуна сифатида вилоятнинг иккинчи жамоаси — «Шердор» футбол клубини кўрсатишим мумкин. Биз бу футбол клубига мукофот сифатида 500 миллион сўм берамиз. Чунки бу жамоада маош олмасдан маҳаллий футболчилар шижоат билан футбол ўйнашмоқда, курашмоқда. Бу жамоада фидоийлик уфуриб турибди», — деди вилоят ҳокими.

«Динамо» клубининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқишимиз керак. Биринчидан, шундай жамоа бошлиғи бизга керакми, футболни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фондининг шундай раҳбари керакми, бизга вилоят футбол федерациясининг шундай вице-президенти керакми? Шунинг учун буларнинг барчасини ўрганиб, хулосасини берувчи махсус комиссия тузилади», деган Турдимов.
«Динамо» жамоасининг келгуси йил Суперлигага чиқариш учун қандай йўналишда иш олиб боришимиз керак? Тузиладиган ишчи гуруҳга фан-клубдан ҳам аъзо олиш керак, бундай ишчи гуруҳ футболни тушунадиган одамлардан иборат бўлиши керак. Клубнинг аниқ сметаси ишлаб чиқилиши лозим.
Футбол клуби жамоа бошлиғи Илҳом Шарипов ҳам клуб сметасининг тузилиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтган.

«Динамо» бош мураббийи Даврон Файзиев сўзга чиқиб, жамоани шуғуллантириш учун шаҳарда етарли имкониятлар йўқлиги, футбол ўйнаш ва машғулотлар олиб бориш учун фақат «Динамо» стадионининг чими яроқли экани ҳақида гапирди. Клубнинг сафар ўйинларига бориб келиши учун эскирган автобусдан фойдаланилаётгани айтилди.



















