Ўзбекистон | 09:06 / 13.10.2018
7818
3 дақиқада ўқилади

Навоийдаги суд иши: адвокатлар нима ҳақида сўрашди?

Зокир Раҳимов

2018 йил 10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида ЎзР ЖКнинг ўта оғир моддалари бўйича айбланаётган Зокир Раҳимов жиноий иши бўйича маҳкама жараёни давом этди. Унда музокара сўзини айтган адвокатлар судга раислик қилувчи Ф.Халиловдан айрим давлат идораларига тақдимнома киритишни сўради. Бу ҳақда Kun.Uz’нинг мазкур очиқ суд ишини кузатиб бораётган мухбири хабар бермоқда. 

Ҳимоя томонига кўра, З.Раҳимовга нисбатан тузилган айблов хулосасида судланувчининг айбида умуман кўрсатилмаган жумлалар ҳам қўшиб кетилган. Мисол учун, “2018 йил 17 июль куни Навоий вилоят прокурори биринчи ўринбосари Т.Нурметов томонидан тасдиқланган айблов хулосасида Раҳимов З.нинг «Ал-Қоида» халқаро террористик ташкилоти таркибида ҳаракат қилган деб кўрсатилишини, тергов органининг судланувчи айбини янада бўрттириб кўрсатишидан бошқа нарса эмасдир”. 

“Шу сабабдан айнан айб эълон қилиш қарорида кўрсатилмаган айбни айблов хулосасида кўрсатиб судга ўтказиш ҳолати юзасидан Навоий вилоят прокуратурасига тақдимнома киритиш ҳақида хусусий ажрим чиқаришингизни сўраймиз”, - деди адвокат Эсонов музокара сўзида.

Мавзуга доир: Навоийда террорчиликда айбланаётган Зокир Раҳимов устидан суд эшитувлари давом этмоқда
Прокурор Зокир Раҳимовга йигирма йил сўради – адвокат прокурорни ишига виждонан ёндашмаганликда айблади
Зокир Раҳимов иши: адвокатлар судланувчига нисбатан илгари сурилган айрим айбловлар исботланмаган, деб ҳисобламоқда 

ЎзР Конституцияси 26-моддасида «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди» дейилади. Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасида «Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг расмий рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини таҳлил қилиш ёки судга ўзгача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади».

Адвокатга кўра, “Раҳимов Зокирнинг айбида ҳам, жиноят иши материалларида ҳам унинг халқаро террористик ташкилотлар «Ал-Қоида», «ИШИД», Эрон Ислом Республикасидаги «Жиҳодчилар» террористик ташкилотига аъзо бўлиб фаолият юритгани ёки шу ташкилотларга дахлдорлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқловчи бирор бир ҳужжат ёки далил мавжуд эмас”.

“Биз ушбу ҳолатни судланувчи З.Раҳимовни атайин ўта хавфли террорист мақомига чиқариш ва судга тазйиқ ўтказиш мақсадида қилинган, деб баҳолаймиз”, - деган тўхтамга келишган адвокатлар.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид