Ўзбекистон | 11:55 / 17.10.2018
10444
2 дақиқада ўқилади

Мобиль алоқа хизматидан тушган маблағлар энди тез тиббий ёрдамни ривожлантиришга йўналтирилади

Фото: IPnews

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани хабар берилганди.

Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари орасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг 19 фоизи ҳам бор.

Бошқа маблағлар - халқаро ва хорижий молия институтларининг, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари, Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари.

Жамғарманинг маблағлари тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспортини харид қилиш ва транспорт паркини ўз вақтида янгилаш, шунингдек, уларни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш, эҳтиёт қисмлар ва сарфланадиган материалларни харид қилиш, тез тиббий ёрдам хизматининг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида амалиёт ўташини ташкил этиш, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига устамалар, мукофот пуллари ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга сарфланади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази ташкил этилгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид