Марказий банкнинг республика олтин-валюта захиралари тўғрисида берган охирги маълумотига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари камайди.
Ялпи олтин-валюта захиралари 26,4 млрд долларни ташкил этди (сентябрда 26,8 млрд доллар эди). Улардан хорижий валютадаги активлар - 12,4 млрд доллар (бир ой аввал 12,9 млрд доллар бўлган), монетар олтин - 13,9 млрд доллар (сентябрда 13,9 млрд доллар бўлган).
Соф олтин-валюта захиралари 25,4 млрд долларга тенг бўлиб турибди (бир ой аввал 25,9 млрд доллар бўлган).
Марказий банк изоҳига кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида олтин-валюта захираларининг пасайиши олтин нархининг 1296,50дан 1183,50 долл/тр. унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди.
Хўш, олтин-валюта захиралари ўзи нима ва унинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни қандай?
Давлатнинг расмий захираси
Олтин-валюта захиралари давлатнинг юқори ликвидлиги билан ажралиб турувчи активларидир. Улар махсус давлат структуралари (давлат ғазнаси ва марказий банклари, АҚШда Федерал захира тизими) томонидан назорат қилинади.
Оддий сўз билан айтганда, олтин-валюта захиралари давлатнинг олтин ва бошқа мамлакатлар валюталаридаги расмий захирасидир.
Олтин-валюта захиралари нималардан ташкил топади?
- Олтин-валюта захиралари қимматбаҳо металлар (қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш) ва қимматбаҳо тошлардан;
- давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки япон иенаси, фунт-стерлинг);
- ХВЖ (Халқаро валюта жамғармаси) чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.
Бу пул бирликлари моддий жиҳатдан мавжуд бўлмайди. Бу воситалар ҳукуматнинг махсус ҳисобларида ёзилган бўлади. Улардан халқаро қарзларни узишда, миллий валюта курсини тўғрилашда, ХВЖ билан ҳисоб-китобларда фойдаланилади.
Шунингдек, ХВЖдаги захира позицияси ҳам мавжуд бўлиб, бу захира миқдори мамлакатнинг ХВЖга кираётганида тўлаган бадал пули миқдорига тенг бўлади. Агарда ХВЖнинг бирор аъзоси пулга муҳтож бўлиб қолса, ХВЖ унга молиявий ёрдам сифатида ўша бадал пулини қайтариб беради.














