Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт берилди.
Бугун, 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасида биринчи АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилишини бошлаб беришга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбир бўлғуси атом электр станциясини қуриш учун майдон танлашда муҳандислик тадқиқотларининг бошланишини белгилаб берди.
АЭСнинг қурилиш лойиҳаси ССЭР-1200 русумдаги реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблокнинг қурилишини ўз ичига олади. Мазкур энергоблоклар 3+ авлодига тегишли бўлиб, замонавий технологияларнинг ишончлилигини сезиларли даражада оширган ҳолда, АЭХАнинг замонавий хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради.
«Kun.uz» мухбири хабар беришича, тантанали маросим тадқиқот ишлари олиб борилаётган майдонлардан бири ва Тошкент ўртасида ўрнатилган теле кўприк орқали бўлиб ўтди.
Телекўприк доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин лойиҳанинг амалга оширилишига старт беришди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Алишер Султонов ва «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв лойиҳани амалга оширишни бошлаш учун барча шарт-шароит яратилгани борасида ҳудуддаги майдондан ҳисобот беришди.

Маросимдаги нутқлардан сўнг икки давлат раҳбарлари рамзий тугмани босиш орқали, сейсмология, геология, экология ва иқтисодий жиҳатдан мувофиқлиги ўрганилгандан сўнг танлаб олинган устувор ер майдонлардан биридаги тупроқ намуналарини олиш учун бурғилаш ишларига старт берди.

Майдонда ўтказилган маросимда мансабдор шахслар, «Ўзатом» Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» Россия давлат корпорацияси раҳбарлари ва мутахассислари, муҳандислар, лойиҳа тузувчи мутахассислар, вилоят маъмурияти вакиллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий аҳоли ва журналистлар иштирок этди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг атом энергетикаси соҳасини яратиш ва ривожлантириш ташаббуси мамлакат энергетика соҳасидаги янги паллани белгилаб беради ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлигига туртки бўлади», деб таъкидлади Алишер Султонов ўз нутқида.
«Ўзбекистон ва Россиянинг атом соҳасидаги ҳамкорлиги ярим асрдан ортиқ давом этиб келмоқда ва биз Ўзбекистон биринчи атом электр станциясининг қурилиши учун айнан Россия технологиясини танлаганидан фахрланамиз. “Росатом” Ўзбекистонда барча ҳалқаро хавфсизлик талабларига жавоб берадиган дунёдаги энг илғор 3+авлодига мансуб ССЭР-1200 русумли реакторлар билан жиҳозланган иккита энергоблокли атом электр станциясини барпо этади», деган «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв.











