АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Марказий Американинг Гондурас, Гватемала ва Сальвадор каби ночор давлатларидан АҚШга келаётган катта сондаги ноқонуний муҳожирлар сабабли бу давлатларга ёрдамни чеклаши ёки умуман тўхтатишини маълум қилди.
“Гватемала, Гондурас ва Сальвадор ўз давлатларини тарк этиб, АҚШга ноқонуний келаётган одамларни тўхтата олмади. Энди биз АҚШ одатда уларга тақдим қилган катта ёрдамни тўхтатамиз ёки анча қисқартирамиз”, деб ёзган Трамп твиттерда.
Трампнинг бундай баёнотига АҚШга ўтишга ҳаракат қилаётган гондурасликлар карвони сабаб бўлди. Гондурасликлар карвони ҳозирда Гватемала ва Мексика чегарасида турибди. Гватемала президенти Жимми Моралеснинг баҳолашича, бу карвонда 4,5-5 минг киши бор. Улардан бир қисми чегарадаги тўсиқлардан зўравонлик билан ўтишга уринишни амалга оширган. Бунинг оқибатида бир неча мексикалик полициячи жароҳат олган.
Трамп чегарачилар ва ҳарбийларга вазиятни фавқулодда вазият сифатида баҳолашга ва тегишли чоралар кўришга кўрсатма берган.















