Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, деб ёзилган. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Аммо айрим масъуллар ё конституцияни ўқишмаган, ё ўқиган бўлишса ҳам асосий қонунимизга беписанд.
Youtube'да кўриш
Гап шундаки, Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги чорвачиликка ихтисослашган «Зим боши» фермер хўжалиги 800 бошдан зиёд қўй-қўзи ва эчкиларини Навоий, Бухоро даштларида баҳор ёмон келгани туфайли Жиззах ва Сирдарё вилояти яйловларида шартнома асосида боқиб келмоқда.
Хўжалик 2018 йил 12 октябрь куни Сардоба туманидаги «Абдуазиз чорваси» фермер хўжалиги билан бу борада шартнома имзолаб, қўй-эчкиларни яйловга чиқаради.
Бироқ, мурожаатчи «Зимбоши» фермер хўжалиги раиси Дилшод Узоқовнинг ҳикоя қилишича, 17 октябрь куни Сирдарё вилояти Сардоба туман ички ишлар бўлими ходимлари яйловда ўтлаб юрган бўғоз қўй ва эчкилардан 28 бошини шу жойнинг ўзида бўғизлаб, яна 7 бош қўчқорни ҳайдаб кетишади. Фермер жами 35 бош жонлиқ — 25та ҳомиладор қўй, 7 бош қўчқор ва 3 бош эчкисидан айрилиб ўтирибди. Қўйларнинг гўшти ажратилиб, номаълум томонга олиб кетилган. Териси ва ичак-чавоқлари, ичидаги ҳомиласи эса далада қолдирилган.

Яйлов эгаси — Сардоба туман «Абдуазиз чорваси» фермер хўжалиги раиси Акром Хўжановнинг билдиришича, чорва ўзаро тузилган шартномага кўра яйловда боқилаётган бўлган. Бироқ қўйлар 5 гектар беда майдонига чиқарилган ва ўша ерда сўйилган. Беда шу йил экилган, лекин у яхши ривожланмаган, бедазорни янтоқ босиб кетган. Фермер бедазорни бузишни мўлжаллаб турибди.
А.Хўжанов «Зим боши» фермер хўжалигига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, экинлари пайҳон бўлмагани ва зарар кўрмаганини билдирди.


















