Фарзанд — меҳр-муҳаббат меваси, оиланинг зийнатидир. Уларнинг қадами узра умримизга маъно-мазмун, ҳаётимизга зиё таралади.

Даун синдроми... Келиб чиқиши бўйича аниқ бир сабаб мавжуд бўлмаган касаллик. Касаллик ҳужайраларнинг бўлиниш жараёнидаги тасодифий бузилиши натижасида келиб чиқиши аниқланган. Демак боланинг ушбу синдром билан туғилишида ҳеч ким айбдор эмас. Аммо шунга қарамай, аксарият ҳолатларда оилада касалланган боланинг туғилиши бир-бирини айблаш, қийинчиликларга дош бера олмаслик оқибатида, айниқса, эркакларнинг оилани ташлаб кетиш ҳолатлари кўплаб кузатилади. Оила – жамиятнинг негизи, соғлом бола эса энг катта бойликдир. Ўзбекистонда ушбу касалликка қарши курашиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази ҳамда “Билимдон” нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда “Дунё — қуёш болалари нигоҳида!” шиори остидаги маҳорат дарслари ташкил этилди. Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Республика скрининг маркази ҳамда Даун Синдироми Америка Миллий Жамияти вакиллари иштирок этди. Тадбир 26 октябрга қадар давом этади.

Октябрь — Даун синдроми билан туғилган болалар билан ишлаш ойлиги

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бош мутахассиси Ҳаётбек Қосимов октябрь ойи – Даун синдроми билан туғилган болалар билан ишлаш, уларнинг оиласи, турмуш тарзи билан яқиндан танишиш ойлиги эканлиги, шунингдек,  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда 3 кунлик махсус ўқув-семинарлар ташкил этилганлигини маълум қилди. Тадбирда касалликнинг келиб чиқиши, унинг белгилари ва даволаш профилактикаси доирасида икки нуфузли давлат ўртасидаги тажриба алмашинуви ва музокаралар олиб борилишини таъкидлади.

Махсус тренинглар давомида Республика скрининг маркази вакиллари “Қуёшли хромосома” мавзуида ўз тақдимотларини намойиш қилди. Иштирокчилар учун  ўтказилган маҳорат дарсларида “Даун синдроми”нинг келиб чиқиш сабаблари ва ушбу синдром билан туғилган болалар билан ишлаш тизими ҳамда “Даун синдромли” болаларнинг эрта ривожланиши учун керакли амаллар тўғрисида тўхталди.

Даун синдромига чалинганлар учун таълим муассасаси борми?

— Даун синдроми билан туғилган болаларда бошқа болаларга нисбатан ақлий ва жисмоний ортда қолиш кузатилади. Улар ўз оила аъзоларига ўхшагани билан юз тузилиши жиҳатидан ҳаммадан ажралиб туради. Касалликни даволаб бўлмаса-да, Даун синдроми билан туғилган болага махсус жисмоний ва ақлий муолажаларни ўтказиб, унинг ривожланишини яхшилаш, жамиятда ўз ўрни бўлиши учун имконият яратиб бериш мумкин дейди, —“Билимдон” нодавлат таълим муассасаси логопед-дефектологи Муҳайё Саидова. — Айни шу касаллик билан туғилган болаларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш мақсадида «Билимдон» нодавлат таълим муассасаси ташкил этилган. Бугунги кунда мазкур муассаса Даун синдромига эга бўлган болалар билан мунтазам равишда фаолият олиб боради. Бизда чақалоқликдан бошлаб 7-8 ёшгача бўлган барча болалар тўлов асосида қабул қилинади.