Пахта Ўзбекистон ҳудудида асосий экин мақомини эгаллаганига бир асрдан ошди. Даромади ва стратегик аҳамияти жиҳатдан ҳеч бир экин пахтага ета олмагани боис собиқ иттифоқ даврида уни етиштириш узоқ йиллар давлат сиёсати, миллий мафкура даражасига кўтарилди. Ҳозир-чи, вазият ўзгарганми?

Ўзбекистон ҳудудида азалдан пахта етиштириб келинган. Фақат унга тижорат ва даромад имконини берувчи экин сифатида қаралган. Бадавлат инсонлар бозор тамойиллари асосида ерларни харид қилганлар ёки ижарага олганлар, ўзлари маблағ тикиб ишчи ёллаганлар ва ҳосилни ҳам ўз истакларига кўра тасарруф этганлар. Давлат бу ўринда асосан ердан ёки ҳосилдан солиқ олувчи мақомида бўлган. Бухоро амирлиги, Қўқон хонлиги хорижга, хусусан Россияга катта миқдорда пахта экспорт қилган ва ҳудуд пахтаси воситачилар орқали Европа мануфактурасида ишлатилган. Ўша йиллардаёқ Ўзбекистон пахтаси тола сифати жиҳатдан етакчилардан бўлган.

Ҳозирги ҳудудий шаклда собиқ иттифоқ таркибида бўлган Ўзбекистонда 1933 йилдан бошлаб пахта расман республиканинг асосий экини даражасига кўтарилганди. Бу экинни етиштириш тартиби, ҳосил миқдори, нархи ва бошқа муҳим жиҳатлари марказдан аниқ кўрсатмалар ҳамда режалар асосида белгилаб берилди.  

Иккинчи жаҳон уруши йилларида пахтанинг стратегик аҳамияти кескин ортди. Ундан халқ хўжалиги ва мудофаа мақсадларида элликдан ортиқ маҳсулот олинарди. Урушдан кейинги йилларда ҳам пахтанинг аҳамияти камаймади, аксинча йил сайин орта борди.

Республиканинг бутун салоҳияти улкан хирмон яратишга сафарбар қилинди, одамлар онгига бу экин муқаддас экани тўғрисидаги мафкура сингдирилди, халқнинг бутун меҳнати, деярли барча соҳалар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилди. Дунёда ўхшаши бўлмаган пахтачилик институтлари, илмий-тадқиқот марказлари иш бошлади, адабиёт, санъатда пахта улуғланди, бутун жамият ягона мақсад билан ҳаракат қилди. Республика мадҳияси ва гербида пахта алоҳида бандни эгаллагани бежиз эмасди.

Бу ҳаракатлар бесамар кетмади албатта. Ўзбекистонда пахта етиштириш улкан машаққат эвазига санъат даражасига кўтарилди ва пахтакорлар (гарчи аксарияти ўртамиёна кун кечирса-да) энг шарафли касб эгаларига айланишди. Ўзбекистон тажрибаси хорижнинг қатор давлатларида қўлланила бошланди. Ўзбек пахтаси умумий ҳосил миқдори жиҳатдан АҚШ, Ҳиндистон каби йирик давлатлар билан, тола сифати жиҳатдан етакчи бўлган Миср пахтаси билан беллашишга киришди. Ҳосилдорлик йилдан-йилга ортиб бориб, охир-оқибат 6 млн тонналик марра кўзлана бошланди.

Шу билан бирга, пахта сиёсати аҳолининг турмуш даражасига, республика ресурсларига салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Эртаю-кеч оғир меҳнат халқни эзиб қўйди, пахтага қарши фикр айтиш ҳам мумкин бўлмай қолди, етиштириш жараёнига халал берувчи ҳар қандай инсон шафқатсизларча жазоланди.