Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишини ҳар йилда 12 (ўн икки) балл асосида баҳолаб борилади;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолати йил бошидан шу йилнинг якунига қадар  берилган 12 баллдан айириб ташлаш орқали ҳисобланади;

ҳайдовчи томонидан йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) берилган 12 бал 0 ва ундан паст бўлганда, ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтказилади;

ҳайдовчи қўшимча имтиҳондан ўтган тақдирда, йил якунига унга бир маротаба қўшимча 3 балл берилади;

йил якунига қадар берилган балл сарфлаган, шунингдек қўшимча имтиҳонни топшира олмаган, ҳайдовчилар суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқароларга бериладиган 12 балл фақат бир йил мобайнида, яъни йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврига қадар амал қилади ҳамда сақланиб қолган баллнинг кейинги йилга ўтказилишига йўл қўйилмайди;

истисно тариқасида, йил мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга, рағбатлантириш тариқасида, кейинги йил учун  имтиёзли 6 балл берилади (қўшимча 6 балл фақат йил якуни бўйича йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга берилиб, фақат бир йилнинг натижасига кўра кейинги йилда бериладиган 12 баллга қўшилади);

йил мобайнида миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларини жарима балли асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланиб, ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 12 баллдан айрилган жарима баллари йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчини қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосий жазо (жарима)дан озод этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда жарима баллари сарф қилиб бўлган ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон топширишда тўланадиган тўловлар ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўтказилади.