Жойларда ходимларнинг ойлик иш ҳақларидан маблағлар ушлаб қолиш бўйича ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш мақсадида адлия органлари томонидан ушбу амалиёт ўрганилди. Танлов асосида ўтказилган ушбу жараён республика бўйича 729 та ижтимоий соҳа ташкилотларини (мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, тиббий муассасалар) қамраб олди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Натижа иш берувчилар томонидан ўз ходимларининг пул маблағларидан коммунал хизматлар учун ноқонуний ундириб қолиш шаклида қўпол қонунбузарликлар мавжудлигидан далолат бериб, бу амалиёт қонун ҳужжатлари талабларидан мутлақо йироқ эканлигини кўрсатди.

Ўрганиш натижасида 345 мингдан ортиқ ҳолатда ходимларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланди. Уларнинг деярли ярми Фарғона водийсидаги вилоятлар ҳиссасига (Андижонда – 72 250 та, Наманганда – 50 198 та, Фарғонада – 49 897 та) тўғри келади.

Хусусан, 237 434 та (69 фоиз) ҳолатда ходимларнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз коммунал хизматлар учун ушлаб қолинган, 37 696 та (11 %) ҳолатда ходим касаллиги, таътилдалиги, хизмат сафаридалиги сабабли ишда бўлмасада пул маблағи ушлаб қолинган, шунингдек, иш ҳақининг 60-70 фоизигача бўлган қисми ушлаб қолинганлиги ҳолатлари учради.

Маълумот учун. Қонунчиликка кўра, агар ходим касаллиги, таътилдаги ва бошқа сабаблар билан ишда бўлмаса, коммунал хизмат учун иш ҳақидан ушланма кейинги ойда амалга оширилади.

Шунингдек, ходимнинг иш ҳақидан коммунал хизмат учун ушлаб қолишда ушланмаларнинг умумий миқдори ходимга бериладиган меҳнат ҳақининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Масалан, Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 1 821 нафар ўқитувчиларнинг иш ҳақларидан электр энергияси ва табиий газ учун уларнинг ёзма аризаси бўлмасада 300 млн. сўмдан ортиқ ушлаб қолинган.

Энг ачинарлиси эса 2 000 та ходимнинг 50 млн. сўмга яқин маблағи ноқонуний равишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг туман бўлимига ўтказиб берилган.

Андижон вилоятида 609 та педагог ходимлар малака ошириш учун хизмат сафарига юборилган бўлсада, ушбу даврда уларнинг 44 млн. сўмдан ортиқ маблағини иш берувчилар белгиланган қоидаларга зид равишда ушлаб қолган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 100 дан ортиқ ҳолатда коммунал тўлов учун ушлаб қолинган тўлов миқдори ходим иш ҳақининг 70 фоизгачасини ташкил этганлиги қонун ҳужжати талаби бузилганлигини кўрсатади.