Жаҳон | 12:37 / 05.11.2018
13308
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Эронга қарши санкциялари кучга кирди

Фото: REUTERS

АҚШнинг Эронга нисбатан жорий этган санкциялари бугундан кучга кирди. Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майкл Помпео санкциялар рўйхатига 600дан ортиқ шахс ва компаниялар киритилганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, чекловлар "Эрон режимининг ўзини тутишига таъсир кўрсатиши лозим".

Помпео шунингдек, санкциялар Эрон иқтисодиётига катта таъсир кўрсатганини, Европа компаниялари бу давлатни тарк этаётганини таъкидлади.

Ўтган ҳафтада Эрон олий руҳонийси оятулла Али Ҳоманаи АҚШ санкциялар орқали мамлакат иқтисодиётини фалажлашни хоҳлаётганини, аммо бу санкциялар Теҳроннинг мустақиллигини кучайтирганини билдирди.

"Эрон халқи кўплаб йиллар давомида барча нарсани импорт қилиб келганди, эндиликда эса барча нарсани ўзида ишлаб чиқаришни ўзлаштирди", — деб ёзди у ўзининг Twitter саҳифасида.

Ўз навбатида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ санкцияларига қарамасдан Эрон ўз нефтини сотишда давом этишини маълум қилди.

Фото: Raheb Homavandi/Reuters

Бугундан кучга кирган санкциялардан нефть экспорти ҳам ўрин олган. Вашингтон Эроннинг нефть экспортини буткул тўхтатмоқчи ва харидорларни ундан нефть сотиб олмасликка чақирмоқда.

2018 йил май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Американинг Теҳрон билан келишувдан чиқишини маълум қилганди. У ўшандаёқ Эронга нисбатан барча чекловлар тикланишини ҳамда у билан ҳамкорлик қиладиган давлатларга ҳам санкциялар қўлланилишини билдирганди.

Мавзуга оид