Бирор бир таҳририят томонидан ёки журналистнинг шахсий ташаббуси билан жойлардаги муаммоларни ўрганиш, унинг устида бош қотириш, мурожаатчи (лар)ни тинглаш, мутасадди вакиллар билан муаммо юзасидан суҳбатлашиш, воқеалар ривожини таҳлил қилиш ва якунда холис нуқтаи назардан ушбу масалани ёритиш жуда машаққатли ишдир. Айтиш лозимки, бунинг учун асаблар метиндан бўлиши, тоғдек сабр  керак бўлади.

Бугунги кундаги ҳолати
2018 йил октябрь

KUN.UZ таҳририяти томонидан ҳам мурожаатлар асосида турли вилоятларда мавжуд муаммолар, одамларни қийнаб келаётган ташвишлар ўрганилиб, уларнинг аксари ижобий ечим топмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Бироқ айрим ҳолатларда туман мутасаддиларининг муаммоли ҳолатларга бўлган муносабатлари лоқайдларча эканлиги кишини ташвишга солади. Айрим туман мутасаддиларини топиш, уларнинг изоҳларини олиш жуда амримаҳол. Ҳатто танқидий мақола қайта-қайта эълон қилинса-да, парволарига бир кириб чиқмайди. Буни Сирдарё вилояти, Гулистон туманида жойлашган “Зарбдор” маҳалласидаги муаммо бўйича туман ҳокимияти мутасаддиларининг муносабати ҳам яққол исботлаб турибди.

2017 йилдаги ҳолат
2017 йилдаги ҳолат
2017 йилдаги ҳолат

Гап шундаки, жорий йилнинг 20 февраль куни сайтимизда “Гулистондаги маҳалла гулдек очиладими ёки лойга ботиб ётаверадими?”, орадан роппа-роса олти ой ўтиб (!) “Гулистон туманидаги намунали уйларнинг намунасиз кўчалари. Мутасаддилар бунга нима дейди?” сарлавҳаси остида туркум мақолалар эълон қилинган эди. Уларда мазкур туманда жойлашган “Зарбдор” маҳалласи кўчалари жуда таъмирталаб ҳолга келганлиги, порталдан тортиб туман ҳокимиятигача қилинган мурожаатлар жавобсиз қолаётганлиги, ёғингарчилик мавсумида бу кўчаларда юришнинг мутлақо иложи йўқлиги тилга олинган.