Жаҳон | 10:57 / 08.11.2018
5680
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Вьетнам “кимёвий уруш” оқибатларини  бартараф этиш бўйича ишларни якунлади

Фото: AFP

АҚШ ва Вьетнам 7 ноябрда АҚШ армияси томонидан 1960-1970-йилларда Ҳиндихитой яриморолидаги жанговар ҳаракатлар вақтида ўта заҳарли дефолиантларнинг оммавий қўлланиши оқибатларини бартараф этиш бўйича илк қўшма лойиҳа амалга оширилиши якунланганини маълум қилди. Nhan Dan нашрининг маълум қилишича, АҚШнинг молиявий кўмагида томонлар 2012 йилдан бери АҚШнинг Дананг шаҳридаги собиқ ҳарбий базаси ҳудудини заҳарли моддалардан тозалаш ишларини амалга оширишган.

Ушбу уруш вақтида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари авиабазаси жойлашган Дананг аэропортида ўтган тантанали маросимда Вьетнам ҳарбий қўмондонлиги ва АҚШ элчихонаси вакиллари Ханойда ҳам, Вашингтонда ҳам икки давлат тарихидаги нохуш саҳифаларни варақлашга ёрдам берувчи ушбу биргаликдаги ишга катта аҳамият берилиши таъкидлаб ўтилган. АҚШ томонидан 110 млн доллар ажратилган лойиҳани бажаришга кетган 6 йил давомида 30 гектар ер тозаланган. Энди бу ерни Дананг халқаро аэропортини кенгайтириш учун қўллаш мумкин бўлади. 

Данангдаги авиабаза уруш йилларида Agent Orange – АҚШ бомбардимончилари томонидан вьетнамлик партизанлар назорат қилган ҳудудлар устидан сочилган дефолиант сақланадиган асосий омбор бўлган. 

Agent Orange илк бор 1961 йил сентябрда Вьетнамнинг жанубий қисмидаги Камау яримороли устида сочилган. Вьетнамдаги уруш вақтида умумий ҳисобда 80 млн литр дефолиант сочилган. Урушдан кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижалари эса Вьетнамда кимёвий моддалардан дунёнинг бошқа жойидан кўпроқ одам жабрланганини тасдиқлаган. Тахминий баҳолашларга кўра, 4,8 млнга яқин вьетнамлик дефолиант таъсирига учраган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид